Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик 15 спортчи Парижга боради
16:14 / 2024-07-09

Шу йилнинг июль-август ойларида Франциянинг Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ҳамда XVII Паралимпия ўйинлари ўтказилади.

Мазкур мусобақаларда юртимиздан катта спорт делегацияси иштирок этади. Олимпия спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоаси таркибида самарқандлик спортчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

– Вилоятимиз спортчилари тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида бадиий гимнастика, юнон-рум кураши, бокс, академик эшкак эшиш, камондан отиш, дзюдо ва енгил атлетика спорт турлари бўйича иштирок этади, – дейди Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Ҳозирча йўлланмалар сони 15 тага етди ва яна иккитагача йўлланма қўлга киритишимиз мумкин. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида Париж олимпия ва паралимпия ўйинларига тўрт йил олдин тайёргарлик бошланганди. Ҳар бир спорт тури бўйича истеъдодли спортчилар сараланиб, улар билан малакали мураббийлар ишлади. Машғулотларнинг ўз вақтида ва сифатли олиб борилиши, спортчиларнинг дам олиши ва халқаро мусобақаларда, лицензион турнирларда қатнашиши учун барча шарт-шароит яратиб берилди. Бунинг натижасида спортчиларимиз бирин-кетин Париж олимпиадаси йўлланмаси қўлга киритиб, муросасиз ўйинларга пухта ҳозирлик кўрдилар. Жумладан, бадиий гимнастика бўйича Тахмина Икромова ва Амалия Мамедова юртимиз терма жамоаси таркибида олимпиада ўйинларида қатнашади.

Тахмина Икромова юртимиз спортчилари орасида XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига илк йўлланмани қўлган киритган бадиий гимнаситикачидир. 2004 йилда туғилган Тахмина 12 ёшидан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 2021 йилда Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида битта олтин ва учта кумуш медалга сазовор бўлган. У Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг қаҳрамонларидан бирига айланди. Тахмина Икромова яккалик ва жамоавий дастурларда иккита олтин медал олганди.  

Амалия Мамедова энг ёш спортчиларимиздан бири. У 2008 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Ёш бўлишига қарамай, шу пайтгача Осиё чемпионатларида тўрттадан олтин ва кумуш, жаҳон кубогида битта кумуш медални қўлга киритган. 2023 йилда терма жамоага жалб қилинган. Жорий йилнинг май ойида Тошкентда ўтган лицензион Осиё чемпионатида Япония ва Қозоғистондан келган кучли рақобатчиларини ортда қолдириб, олтин медаль билан Париж-2024 ёзги олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.

Дзюдочи Сардор Нуриллаев учун Париж олимпия ўйинлари иккинчи олимпиада ҳисобланади. У бундан аввал Токио олимпиадасида қатнашиб, тажриба орттирган.  

Сардор 1994 йилда Самарқандда таваллуд топган. 2015 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Ҳамюртимиз Гран-при турнирларида битта олтин, иккитадан кумуш ва бронза, Осиё чемпионатларида биттадан олтин ва бронза, “Катта дубулға” таснифидаги мусобақаларда битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалларига сазовор бўлган. Шунингдек, унинг коллекциясида 2021 йилги жаҳон чемпионатида аралаш жамоавий дастурда қўлга киритилган бронза, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларининг кумуш медали ҳам мавжуд.  

Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси ҳам кеча Париж-2024 лицензион цикли якунланганини ва рейтинг орқали тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига йўл олган спортчилар номини маълум қилди. Улар орасида уч ҳатлаб сакраш бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Шарифа Давронова ҳам бор.  

Шарифа Давронова 2006 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Енгил атлетиканинг уч ҳатлаб сакраш йўналиши бўйича ёшлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, Коня-2021 Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиби. У 2024 йилда Осиё енгил атлетика ассоциацияси томонидан “Йилнинг энг яхши ёш енгил атлетикачиси” деб эътироф этилган.

Булардан ташқари, самарқандлик спортчилардан Ислом Баҳромов юнон-рум кураши бўйича, Нигина Ўктамова ва Ситора Турдибекова бокс бўйича, Собиржон Сафаралиев ва Шаҳзод Нурматов академик эшкак эшиш бўйича, Амирхон Содиқов камондан отиш бўйича, Давлат Бобонов ва Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича Париж олимпия ўйинларига йўлланма олган.

Шунингдек, XVII Паралимпия ўйинларида Самарқанддан уч нафар спортчи Ҳусниддин Норбеков параенгил атлетиканинг ядро ва диск улоқтириш, Кубаро Ҳакимова ядро улоқтириш ва Сирож Эгамназаров узунликка сакраш баҳсларида иштирок этади.

Айни пайтда спортчилар сўнгги тайёргарлик машғулотларида қатнашмоқда. Вакилларимизга Олимпия ва Паралимпия ўйинларида омад тилаймиз.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири