English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Самарқандим” – тарихни ҳис эттирган журнал
11:40 / 2025-12-30

“Самарқандим” журналининг 3-сонида жамланган мақолалар ўқувчида Самарқандни фақат тарихий шаҳар сифатида эмас, балки умуминсоний қадриятлар, маънавий мерос ва илмий-маърифий тафаккур маркази сифатидаги мулоҳазаларни ўйғотади.

Журналда ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларига таянган ҳолда Самарқанд руҳининг умумий тараққиётга хизмат қилиши ҳақидаги мақола алоҳида аҳамият касб этади. Унда Самарқанднинг маданий мероси бугунги глобал ҳамжиҳатлик, миллатлар ва цивилизациялар мулоқоти учун илҳом манбаи экани чуқур таҳлил қилинган. Бу руҳ ўқувчини фахр ва масъулият туйғулари билан уйғотади.

Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотининг айнан Самарқандда топширилишига бағишланган мақола шаҳарнинг илмий ва маърифий нуфузини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу воқеа Самарқанд заминида илм-фанга бўлган эҳтиром азалдан мустаҳкам эканини кўрсатади.

Президентимизнинг жаҳон шахмат майдонида тарихий ғалабага эришган Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни табриклаши ҳақидаги мақола эса ёш авлодга бўлган ишонч ва эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида ўқилади.  

“Самарқанд сабоқлари” рукнида берилган мақолалар тарихдан хулоса чиқариш, ўтмиш тажрибасини бугунги кун билан боғлаш ғоясини илгари суради. Шунингдек, “Имом Бухорий ҳам марсия айтганини биласизми?” сарлавҳали мақола ислом маънавияти ва адабий анъаналарнинг камроқ ёритилган жиҳатларини очиб бериш орқали ўқувчининг билимини янада бойитади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Дукчи эшон қўзғолонига бағишланган таҳлилий мақолалар миллий озодлик, маърифат ва жамият уйғониши йўлидаги мураккаб тарихий жараёнларни холисона ёритади. Бу материаллар ўқувчини тарихга бирёқлама эмас, балки чуқур мулоҳаза билан қарашга ундайди.

Журналнинг ушбу сонида Сирожиддин Саййид ҳамда Нодир Жонузоқ, Шуҳрат Ориф шеърларининг ўрин олиши эса нашрнинг адабий-эстетик қийматини ошириб, сўз санъати орқали Самарқанд руҳини ҳис этиш имконини беради.

Нигора Раҳмонова, ЎзА