Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандга саёҳат
12:38 / 2025-12-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ички туризмни тизимли ривожлантириш, аҳолининг турли қатламлари учун маданий-маърифий саёҳатларни кенг оммалаштиришга қаратилган қарор ва дастурлар ижроси доирасида мамлакатимиз ҳудудларида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Сардоба туманида ҳам ҳаётга татбиқ этилди.

Хусусан, Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Янги йил байрами арафасида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган 50 нафар фаол ва меҳнаткаш аёллар учун Самарқанд шаҳрига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди. Ушбу сафар Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурининг амалий ифодаси бўлиб, аёлларга мазмунли дам олиш, бой тарихий меросимиз билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.

Саёҳат иштирокчилари кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига етиб келгач, сафар дастурига мувофиқ тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ҳамда замонавий туристик масканлар билан танишишни бошладилар. Илк манзил сифатида Мирзо Улуғбек музей-мажмуасига ташриф буюрилди. Бу ерда сардобалик аёллар буюк аллома ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти, жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот олдилар.  

Шундан сўнг, саёҳат иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг муқаддас қадамжоларидан бири — Шоҳи Зинда тарихий-меъморий мажмуасига ташриф буюришди. Асрлар оша ўзининг бетакрор меъморчилиги, нозик нақшлари ва юксак маънавий аҳамиятини сақлаб келаётган ушбу маскан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Сафар давомида, шунингдек, жаҳон цивилизациясининг ноёб дурдоналаридан саналган Регистон майдони, муаззам Бибихоним масжиди ҳамда замонавий инфратузилмани ўзида мужассам этган “Самарқанд Сити” мажмуасига ҳам ташриф буюрилди. Тарихий мерос ва бугунги тараққиёт уйғунлиги иштирокчиларда юртимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан янада катта ишонч уйғотди.

Саёҳат иштирокчилари бу сафардан катта мамнунлик билан қайтишди. Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Сардоба туман кенгаши аппарат раҳбари Дилшода Мўминова  ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, шундай деди:  

—  Самарқандга уюштирилган ушбу саёҳат биз аёллар учун чин маънода катта рағбат ва байрамона туҳфа бўлди. Қадимий обидаларни кўриб, буюк аждодларимиз мероси билан яқиндан танишдик. Бу сафар маънавиятимиз, юртга бўлган меҳр ва ифтихор туйғуларимизни янада кучайтирди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири