Самарқандда Жанубий Кореянинг “Сеонам” тиббий кўнгиллилар гуруҳи иштирокида кенг кўламли тиббий акция ўтказилди.
Вилоят ҳокими А.Бобоев бошчилигидаги самарқандлик раҳбар ва тадбиркорларнинг яқинда Корея Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида уюштирилган акция доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида кореялик мутахассислар томонидан беморлар кўрикдан ўтказилди, маслаҳатлар берилди ва операциялар амалга оширилди.


Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида дастлаб отоларингология бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Сўнгра 62 нафар бемор кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шунингдек, физиотерапия ва жарроҳлик бўлимларида ҳам беморлар қабули ташкил этилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 150 дан ортиқ бемор кўрикдан ўтказилиб, уларга дори-дармон ва совғалар тарқатилди. Травматология ва ортопедия марказида эса кореялик мутахассислар иккита жарроҳлик амалиётида қатнашди ва 20 дан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Уч кунлик кўрик ва амалиётлар якунида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва “Сеонам” кўнгиллилар гуруҳи ўртасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири