French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандга Индонезия ва Малайзиядан авиақатновлар йўлга қўйилади
14:55 / 2026-01-30

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш кенгашининг навбатдаги йиғилишида айни пайтда бу борада ушбу давлатлар авиакомпаниялари билан музокаралар олиб борилаётгани таъкидланди.

Кенгашнинг Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида ўтказилган бу галги йиғилишида соҳада амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, мавжуд муаммо ва камчиликлар кенгаш аъзолари, тегишли идоралар ва тармоқлар масъуллари, туманлар ҳокимлари ҳамда туризм йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилинди.  

Йиғилиш аввалида вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов ўтган йил амалга оширилган ишлар  ва бу йилги режалар ҳақида ахборот берди.  

– 2025 йилда вилоятимизга 3 миллиондан ортиқ хорижий ҳамда 5 миллион 300 минг нафар маҳаллий сайёҳ келди ва бу кўрсаткичлар 2024 йилга нисбатан 20-25 фоизга ошди – деди Ж.Суюнов. – Туризм хизматлари экспорти ҳажми 621,1 миллион АҚШ долларига етди. Бу йил сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида қатор йирик лойиҳалар ҳамда халқаро тадбирлар режалаштирилган.

Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари қайта қурилиб, фойдаланишга топширилиши муносабати билан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Индонезия ва Малайзия авиакомпаниялари билан Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича иш олиб боряпмиз. Бундан ташқари, “Шарқ таомлари” халқаро фестивали, “Шарқ ширинликлари” кўргазмаси, параплан, ҳаво шари, авто-мото дрифт шоу ва этно ўйинлар ўтказиш режалаштирилган. Самарқанд шаҳрида сайёҳлар учун вертолётда сайр қилиш хизмати йўлга қўйилади. Туристик йўналишлар ва хизматларни кенгайтиришда Самарқанд шаҳри билан чекланиб қолмай, ҳудудларда ҳам қатор янги лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз. Масалан, Булунғур туманидаги “Шероз қалъа” археологик ёдгорлиги ҳудудида этноқишлоқ, Ургут тумани Узунсой маҳалласида эковиллаж ва ҳаво шарида учиш хизматлари, Каттақўрғон сув омбори ҳудудида ботел ва пляж, Нуробод тумани Меҳнаткаш ҳудудида эса замонавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари барпо этилади. Қўшработ туманининг Пангат қишлоғидан Навоий вилоятининг Сентоп туризм қишлоғигача янги йўналиш очилиб, экстремал туризм ривожлантирилади. Тойлоқ туманидаги ўрмон хўжалиги ҳудудида эса табиат қўйнида дам олишга мўлжалланган туристик лойиҳа амалга оширилади.

Мулоқот давомида тизимдаги муаммо ва камчиликлар ҳам мутасаддилар иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, соҳада яширин иқтисодиёт улуши кўплиги, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида хизматлар сифатининг пастлиги, ходимларнинг муомала маданияти ва билими талаб даражада эмаслиги қайд этилди.  

Вилоят ҳокими А.Бобоев билдирилган фикрлар ва таклифлар асосида туризм соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш, хизматлар сифатини ошириш, яширин иқтисодиётга барҳам бериш, тадбиркорлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан мутасадди ташкилотлар ва масъул раҳбарларга топшириқлар берди.

– Кўриниб турибдики, туризм бошқармаси билан туристик компания ва фирмалар ўртасида ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаган, – деди А.Бобоев. – Айнан шу сабабли сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, янги туристик маршрутлар яратиш ва мавжуд йўналишларни бойитиш бўйича аниқ ташаббуслар кам. Ҳолбуки, туманлардаги мавжуд салоҳиятни туристик маршрутларга қўшиш орқали сайёҳларнинг вилоятда қолиш муддатини бир неча кунга узайтириш имконияти бор. Шу боис барча манфаатдор томонлар ўзаро бирлашиб, самарали ҳамкорлик қилиши ва лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириши лозим.  

Мулоқот якунида белгиланган вазифалар ижросини доимий назорат қилиш ва эришилган натижаларни ҳар чорак якунида муҳокама қилиб боришга келишиб олинди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари