Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 январдаги "Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда "Янги Ўзбекистон устозлари" лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Фарғона вилоятида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидаги малакали ўқитувчиларга эҳтиёж юқори бўлган мактабларга олий ва биринчи тоифали педагогларни жалб қилиш, бу борада бошқармага мурожаат қилган ўқитувчилар билан шартнома имзолаш мақсадида ташкил этилган ярмаркада Фарғона, Наманган ва Aндижон вилоятларидан ўқитувчилар қатнашди.

Ярмаркада Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева иштирок этди ва олис ҳудудларга бориб ишлаш истагидаги ўқитувчиларга яратиб бериладиган шароит ва имтиёзлар ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида мурожаат қилган 71 нафар педагогдан малака тоифаси ва салоҳияти инобатга олиниб, 51 нафари Самарқанднинг Нуробод, Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларининг олис ва қизил тоифадаги мактабларига шартнома асосида ишга қабул қилинди. Уларнинг 22 нафари олий тоифали, 29 нафари биринчи тоифали инглиз тили, она тили ва адабиёт, биология ва кимё ҳамда математика ва физика фанлари ўқитувчиларидир.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 62 та олис ва таълим сифати паст мактабларда 269 нафар малакали мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. 2021/2022 ўқув йили олдидан мазкур эҳтиёж Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институтини битираётган талабалар ҳамда бошқа вилоятлардан келиб ишлаётган ўқитувчилар ҳисобига қопланмоқда.

Бугунги кунда вилоят мактабларида 30 нафар педагог бошқа вилоят ва туманлардан келиб фаолият олиб бормоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА