Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандга борсам ҳар сафар...
23:07 / 2023-05-11

Шукуҳ

1

Самарқандга борсам ҳар сафар,

Кутиб олар қутлуғ зафарлар.

Кутиб олар кўркам, музаффар,

Яшнаётган қишлоқ, шаҳарлар.

Эл шоири Муҳаммад Юсуф сафимизда бўлганида, ифтихорга тўлиб, ҳеч шубҳасиз, бундан-да эҳтиросли ташбеҳларда ифодалаган бўлар эди ҳаяжонли таассуротларини.

Ҳар сафар Самарқанд заминига қадам қўйганида бир эмас, ўн эмас, юзлаб бир-биридан муҳташам гўзалликларнинг гувоҳи бўлган: кўчалар, уйлар, корхоналар, боғлар, хиёбонлар... ва, ва, ҳаммасидан қувончлиси, одамларнинг юз-кўзларидаги маҳваш севинчлар, шижоатлар, ўзига, эртасига бўлган қатъий ишонч, яшаш иштиёқи, ҳаётга муҳаббат шўълаларига гувоҳ бўлаётган шоир бошқача ёзмасди, ёзолмасди ҳам. Ич-ичидан қайнаб-тошиб келаётган ғурурдан Зарафшондай жўшиб-ҳайқириб шеърлар айтганда минглаб шодумон овозларга кўмилиб кетарди шоирнинг моҳитоб ҳайратлари. Зотан, сўнгги йилларда Самарқанд заминидаги шоҳона юксалишларни кўрганда, кўксинг Ургут тоғлари қадар юксалмаслиги мумкинми, ахир! 

Ҳар кўкатнинг ўз суйган тупроғи бор. Ҳар тойча ўзи сув ичган булоғини мақтайди. Лекин мен самарқандлик бўлганим учунгина ардоқли қўрғонимга зиёда таъриф бераётганим йўқ. Зеро, Самарқанд ортиқча мақтовларга муҳтож ҳам эмас. Мен, эси кирганидан буён, содир бўлаётган янгиликларни баҳоли қудрат кузатиб келаётганларнинг бири сифатида дилдагиларни тилга оляпман, халос. “Той-той” бўлиб, эсни таний бошлаганимга эса, мана, Худойимга шукурлар бўлсин, етмиш йилдан ошди. Шўро замони, мустақиллик, ундан кейинги йиллар - ҳаммаси каттакон бир китоб каби турибди кўз олдимда. Бу китобни вароқлагудай бўлсам, бирда этим увишади, бирда мунаввар қувончларга, муаттар ўйларга чўмаман. Эслаганда, эт увишадиган болалик, муздай сув-лойга ботиб тамаки экишлар, сўфи азон айтмай кўзларни ишқаб-ишқалаб даштга жўнашлар, тухум пишадиган ёз жазирамасида эшакларни моташтириб сомон янчишлар, томчилар чакиллаб турган зах синфхоналарида йиртиқ чопонларга бурканиб дарсда ўтиришлар... Майли, у замонлар олисларда қолди, ўтган ишга саловат, дейлик. Лекин яқин-яқинларда ҳам шундай аянчли кўринишлар бор эдики, эсласанг, этинг увишиб, ваража қўзийди вужудингда. Масалан, йўл азоблари. 

Эътибор қилинг, Тошкент - Термиз йўлидан Ургут шаҳарчасигача 15 километр ё чиқади, ё йўқ. Аммо, Тошкентдан Самарқандгача бир азоб бўлса, мана шу 15 чақирим - ўн эмас, юз эмас, минг азоб эди! Бир қарич текис жой йўқ, тўрт тараф шудгор, машина тугул, тракторниям “ичи тушиб” кетарди “тухум каробка” дейилмиш бу кўчадан ўтиб олгунча. 20 - 30 йил эмас, тўрт-беш йил аввалги аҳвол эди бу. 

Энди-ми? Энди, автоавариялар, қоида бузарликлар кўпайиб кетганидан, бир неча жойга сфетофорлар ўрнатилиб, тезликка чекловлар белгиланди. Йўл ойнадек бўлгач ҳайдовчи деганнинг завқи тошиб, газни босгиси келаверар экан-да!

Биргина шу мисолнинг ўзиёқ қатор саволларга сабаб бўлади: хўш, қаёқдан пайдо бўляпти бундай мусаффо эврилишлар? Неча-неча йиллар мобайнида тизза бўйи чанг-лойга беланиб ётган илон ўтмас кўчалар қандай қилиб бунчалар тез обод бўлди, текисланди, асфальтланди, чирой очди? Бўсағасига қадам қўйсанг, бошинг “тақ” этиб эшик пештоқига уриладиган етим уйлар ўрнида қандай қилиб серқават иморатлар қурилди? “Тап” этиб тушмагандир осмондан, ахир? Ё, ердан чиқдими қўзиқориндай? Турнадай тизилган 9 - 12 қаватли биноларга бир қаранг! 5 - 6 йил аввал дайди шамол шувоқларни коптокдай думалаб юрган Ургут даштларида бунақа кошоналар қурилади десанг, ишонармиди инсон боласи?

Энди-ми? Энди “Маҳаллада дув-дув гап” киносидагидек фариштачеҳра момоларимиз баланд уйлар пешайвонида елпиниб ўтиришибди сурайё хаёллар оғушида ҳукуматга дуолар айтиб.

Гап Ургутдан бошланган экан, келинг, туман қиёфасига доир айрим чизгиларга нигоҳ ташлайлик. Бундан бор-йўғи 30 - 35 йил бурун бу маконда тамаки заводидан бўлак саноатга дохил биттаям корхона йўқ эди. Уям номига - тамакини чала-чулпа ферментация қиларди, халос. Тугма топсанг игна, игна топсанг тугма қидирардинг. 

Энди-ми? Айтсам, элдан айрилган баъзи “оға”лар, эҳ-ҳе, Ургут жаннатга айланиб кетган экан-у, бехабар қолибмиз-да, дея мийиғида муғомбирона илжайиб, меровсирашлари мумкин. Ношукур деймизми, беандиша деймизми, худбин ёки кўролмовчи деймизми, ишқилиб, мазкур тўдага мансублар ҳамиша, ҳамма замонларда бўлган, бундан кейин ҳам йўқ бўлиб кетмайди. Қолаверса, нуфузи 35 - 40 миллионли мамлакатда икки-учта ғаламус-ҳасадчининг бўлиши ҳам табиий ҳолдир. Бундан фожиа ясаш, ёхуд ташвишга тушишга ҳожат йўқ. Доно боболаримиз айтганлар-ку, ҳар инсоннинг дўсту душмани, ҳар ўлканинг гулу тикани бўлади, деб. Демак, ютуқларингдан боши осмонларга етгувчи қадрдонлар қаторида аламзада, ҳасадгўйларнинг бўлиши, боғингда унган ҳар гул, уларнинг баданига тикандай қадалиши ҳам янгилик эмас. Мунаввар юксакларга, улуғ мақомларга эришаётганинг уйқусини заҳарлайди; ичикирлигини халспўшлаш учун бошқаларга жони ачийдиган одам терисини ёпинволиб, бошқаларнинг ичига ғулғула солишга интилади унақалар.

Начора, халқ мақолларида бекордан-бекорга, ёмон балиқ сув лойқалатади, ёмон мўридан аччиқ тутун чиқади, дейилмаган. Виждонсиз кимсадан ўпкаламаслик мумкин. Аммо, яна бир ҳақиқат борки, ит вовуллагани билан тоғ қуламайди. Дарёни бир кесак билан лойқалатиш мумкин эмас. Ачинаман, раҳмим каелади ундай одамларга.

Хуллас, нонини еб, дастурхонига тупургувчи мунофиқларга Худойимдан инсоф сўраб, уларга бобокалонларимизнинг “тикан бўлиб оёққа қадалгунча, гул бўлиб кўкракка санчил” деган ибратли насиҳатини эслатамиз-да, яна Ургутга қайтамиз.

Тўғри, Ургут жаннатга айланиб кетгани йўқ. Ечимини кутиб турган масалаю муаммолар, йиллар давомида тўпланиб қолган камчиликлар оз эмас. Ҳозир гап сўнгги 5 -6 йил ҳақида кетяпти, 50 - 60 йиллар давомида сўлиб-сўлимай, қувраб-қувролмай аросатда қолган боғларнинг сўнгги 5 - 6 йил орасида гулларга бурканаётгани, кўчалар, ҳовлилар райҳонлар ҳидига кўмилиб бораётгани ҳақида кетяпти. Баланд томга сакраб эмас, нарвон билан битта-битталаб чиқиш ҳақида кетяпти. Ишнинг кўзини билиб, тиришқоқлик билан қилинган меҳнатнинг нони нақадар ширин ва мазали бўлиши, терга ботганларнинг зарга ботиши ҳақида кетяпти. Ургутдаги ривожланишларнинг илдизи ҳам битта - меҳнат.

Аҳиллик билан қилинаётган ҳалол меҳнат туфайли юксалиш шитоблари бўрон каби шиддатли. Кимдир “лоф” дейдими, “қоф” дейдими, барибир айтаман, айтмасам бўлмайди - ҳозир туманда одамнинг жонидан бўлаги ишлаб чиқариляпти. 5 - 6 йил ичида шундай бўлди. Ҳадемай, хитойдагидек “сунъий одамчалар” яратамиз, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Кўрасиз, бунисигаям гувоҳ бўламиз Худо хоҳласа.

Қуруқ қошиқ оғиз йиртади. Қуруқ гап қулоққа ёқмайди. “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги ишлар қулоққа ёқяптигина эмас, қошиғу қозонларни мойга, дастурхонларни ноз-неъматларга, дилларни ифтихор туйғуларига тўлдиряпти. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар шу қадар кўпки, санаб, саноғига етолмайсиз.

Уёғини сўрасангиз, “Эркин иқтисодий зона” деган гап бундан 5 - 6 йил аввал бир одамнинг тушига ҳам кирмаган эди. Илк бор Призидент Шавкат Мирзиёев томонидан истеъмолга киритилди шукуҳли бу ибора. 2017 йил 12 январда Давлатимиз раҳбарининг Ургут ҳақидаги махсус фармони қабул қилинди-ю, том маънода янги давр, янги ҳаёт бошланиб кетди қадим Ургут заминида. Шу ўринда, кимдир билиб, кимдир билмайдиган бир рақамни эслатай: Ургут мамлакатимиз қишлоқ туманлари ичида нуфузи баландлиги жиҳатидан карвонбоши ҳисобланади - аҳолиси 600 мингга яқин. 600 минг! Бу, қарийб, бутун бошли айрим вилоят аҳолисига тенг, деганидир. Ер майдони эса дўппидайгина. Шуниям ярми тоғ-у, ярми тошлоқ. Осонми бундай шароитда 600 минг жоннинг тирикчилик қилмоғи? Аммо, меҳнат қанча оғир бўлса, кети шунча ширин бўлади; меҳнат ҳам эгиз-эгиз, давлат ҳам эгиз-эгиз; меҳнат қилсанг, яшарсан, катта-катта ошарсан, дейилмиш шарқона ҳикматлар қанчалар мукаммал эканини кўрмоқчи бўлсангиз Ургутга боринг. Ишнинг кўзини топган, меҳнатда тобланган, меҳнатда синалган, меҳнат билан тошда гул ундираётган одамларни кўрасиз, кўриб ҳайратларга кўмиласиз. Меҳнат, меҳнатнинг таги - роҳат эканига имон келтирасиз. Меҳнатсиз бахт келмаслиги-ю, меҳнат қилган одамларнинг тоғдек кўкраб кериб юришларига дил-дилдан ҳавасингиз келади.

Илло, Президент фармонига биноан, қишлоқ жойларида саноатни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш мақсадида ташкил этилган иқтисодий зона, мард ва танти одамларнинг аҳиллик билан сидқидилдан қилган ҳаракатлари туфайли ҳаял ўтмай кўрку жамолини кўз-кўз қила бошлади.

Энди айрим рақамларга мурожаат қиламиз. Тўғри, рақамлар гоҳида зерикарли туюлади. Ваҳоланки, рақам - бу ғарқ пишган шиғил-шиғил мевалари кўзни қамаштиргувчи мевазор-боғдир. Рақамлар тимсолидаги мўл ҳосил, мевалар лаззати дилларни яйратади. Масалан, икки-уч йил орасида “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион доллордан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани; 313 миллион доллорлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошлангани; 4,5 мингдан зиёд киши иш билан таъминлангани каби шоён воқеалар шавқини рақамларсиз ифодалаб бўладими? Ёки, бу ерда ташкил этилган корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари сингари 220 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани-ю, фақат 2020 йилнинг ўзида 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион доллорлик экспорт қилингани-чи?

Юқорида ютуқлар “тап” этиб осмондан тушмаслигини тилга олдик. Хўш, унда... Ундами?

Арпасиз от довон ошолмайди. Агар давлатимиз раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим ташаббусларни истеъмолга киритмаганида эди, эҳтимол, юқоридаги рақамлар дунёга келмаган бўларди. Мазкур ташаббуслар боис, даставвал, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилди. Яъни, 1 миллиард сўмгача бўлгани - микро бизнес, 10 миллиард сўмгача бўлгани - кичик бизнес, 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киритилди. 2023 йилдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизлик солиқ ставкаси жорий этилди.

Бу - айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди, дегани эди. Яна бир муҳим янгилик - 2023 йилдан бошлаб кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг 50 фоизини тўлайдиган бўлди. Қўшимча қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилди. Мамлакат иқтисодиёти барқарорлигига, янги-янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилувчи бундай омиллар тадбиркорларга имкониятлар эшикларини янаям каттароқ очиб юборди. 

Боғ жамоли - боғбондан, ғозлар йўлбошчисиз учмайди, деганлари шу эмасми? Эл оғаси элни ўйлайди, элга суянади, элим дейди, эл кучи - сел кучи, дейди. Туну кун элим, халқим, ватаним деб куюнган Президент Самарқандга қилган ташрифлари чоғида қайта-қайта Ургутда бўлди.

Эркин иқтисодий зонада бажарилаётган ишларни таҳлил қилди, тавсиялар берди, йўл-йўриқлар кўрсатди. Ҳудуддаги “Kamalak Tekstil” корхонасига борганидан сўнг, туман келажагига доир ўнлаб янги лойиҳаларни амалга ошириш ишлари қизиб кетди. Мерганча массивида жойлашган ушбу ширкат гилам ва тафтинг, ковролин маҳсулотлари, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқаради. Ўша кунлари иқтисодий зонада қиймати 90 миллион доллорлик 29 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган, бу лойиҳалар ишга тушгач 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган эди. Ташриф натижасида, яна қиймати 144 миллион доллорлик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилиб, 206 миллион доллорлик 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш юмушлари бошлаб юборилди. 

Бугун фақат Ургутда эмас, Самарқанд заминининг ҳамма қишлоғу кентларида бир-биридан обод манзил- маконлар кўпайгандан -кўпайиб боряптики, бунга ер гувоҳ, осмон гувоҳ. Сулув манзараларни кўрмоқ учун Зарафшон дарёсининг Равотхўжа кўприги орқали Ургутдан шундоқ Булунғур ёки Жомбойга ўтиб, атрофга бир таважжуҳ этмоқ кифоя. Жомбой заводидан чиқаётган автомобиллар, Булунғур туманида етиштирилаётган мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш йўлга қўйилгани, ёки атиги уч йилда қад ростлаган “Боқий шаҳар!” Қараб тўймайсиз, боқиб яйрайсиз, таъзимлар қилгингиз келади бундай маҳобатли мажмуа яратувчиси бўлган истеъдод соҳиби ва қўли гул бунёдкорларга. 

Қиёси йўқ бу мажмуа ижодкори ҳам давлатимиз раҳбари экани барчага маълум. 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд туманига қарашли эшкак эшиш канали бўйидаги 212 гектар майдонда мажмуа қуришга киришилди. Улкан мажмуа пандемиядаги қийинчиликларга қарамай, қисқа вақтда қуриб битказилди.

Кўп тармоқли мазкур марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, “Боқий шаҳар”, амфитеатр ва яна кўплаб бошқа иншоотлар бор. У йилига 2 миллион туристга хизмат кўрсатиши мумкин.

Мажмуанинг қадимий бозор қисмида, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахоналар қурилган. Бу устахоналарга келган сайёҳлар бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилгандек бўлади. Ёғоч ўймакорлик усталари, кулолчилар, заргарлар, гилам тўқувчиларнинг иш жараёнларини кўриб ҳайратга тушади.

Янги туризм маркази бўлмиш «Боқий шаҳар”даги Конгресс холл, замонавий меҳмонхоналар аллақачон йирик халқаро анжуманлар ўтадиган манзилга айланиб кетди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви, яқинда ўтадиган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 32-йиллик анжумани, Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси... Келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 1,5 миллионга, мамлакатимизга келадиганлар сонини эса шу йилнинг ўзидаёқ 10 миллионга етказиш кўзда тутилган. Бундай улуғвор мақсадларга эришишда ҳам мажмуа аҳлининг беқиёс ўрни бўлади. 
Энди, 1967 йилда қурилган Самарқанд аэропорти бундан 5 - 6 йил бурун қанчалар кўримсиз аҳволда бўлганини эслайлик. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасидан сўнг ушбу “ҳаво дарвозаси” аллома бобомиз Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” китоби шаклида бутунлай бошқаватдан модернизация қилинди. 

Лойиҳа доирасида эни 175, баландлиги 25 метрли янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилди. Илгари 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатган аэрапорт, энди 1000 нафар кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлди. 

Турли ҳажмдаги самолётлар учун 20дан ортиқ тураргоҳ барпо этилди. 

Қарий 1000 киши иш билан таъминланди.

Ер юзининг сайқали бўлган қадимий Самарқанд ҳуснига ҳусн қўшган манзиллардан яна бири Қорасув мавзесидир. Таъкидлаш керакки, 2018 йилга қадар Самарқандда 12 қаватдан юқори бинолар қурилмаган эди. 2019 йили худди шу массивда бўй кўрсата бошлади 14 - 16 қаватли уйлар. 2019 йилнинг ўзида “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан 47 та турар жой қурилди. 3 минг 588 та хонадон уй-жойли бўлди. Бу уйларнинг бошқалардан устун томонлари ҳам кўп. Уларнинг фасади уч қаватли қопламадан иборат бўлгани учун, бу хоналар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар 9 балли зилзилага чидамли. Бугунга келиб, мазкур мавзеда қурилган кўп қаватли уйлар сони юздан ошиб кетди. Улар орасида 25 қаватли иморатлар, мактаблар, болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари бор.

4

Ҳа, шоирона ташбеҳ билан ифодалаганда, Самарқандда “чаппар уриб гуллаган боғлар” кун сайин, соат сайин кўпайиб бормоқда.
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуасининг тамомила янгитдан бунёд этилаётгани, бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабининг ташкил этилгани, Ҳазрати Ҳизир мажмуасида қурилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбараси, Университет хиёбонидаги Кофуций майдони, шаҳар кўчаларини обод қилиб турган кўприклар, туннеллар, меҳмонхоналар,бизнес марказлари, туманларда Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Индонезия, Германия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган қўшма корхоналар...

Самарқанд жамолини муфассалроқ идрок этмоқ учун, яна айрим рақамларга мурожаат қилишга тўғри келади. Диққат қилинг, ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,8 фоизга ўсиб, 52,9 триллион сўмга етди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда бу кўрсаткич 1,9 миллион сўмга кўпайди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9 фоизга; 

қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 19,4 фоизга;

қурилиш-пудрат ишлари 10,1 фоизга ўсди.

49 та қўшма корхоналар ташкил этилди.

373,8 километр умумфойдаланувдаги, 2343,1 километр ички, жами 2716,9 километр автомобиль йўллари таъмирланди. 

Булар - 2022 йилги ютуқларга мансуб рақамларнинг айримлари, халос. Рақамлар эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Юзлаб, минглаб меҳнаткаш одамларнинг пешона тери, қалб қўри бор уларнинг жисми-жонида . Ҳатто, миллатнинг, мамлакатнинг қувваю ҳофизасини - бугунию эртасини рақамларсиз тасаввур қилиш қийин. Ўйлаб-ўйлаб жўяк олсанг, ўйнаб-ўйнаб суғорасан, от минсанг, олисни кўзла, дейишади шунинг учун ҳам машойихлар. Вилоят меҳнаткашларининг бу йилги марралари янаям баланд. Улар ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 52, 9 триллион сўмдан - 62,4 триллион сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 22,8 триллиондан - 29,4 тирилион сўмга, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни 14,4 триллиондан -18,4 триллион сўмга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40,3 триллион сўмдан - 43,9 триллион сўмга кўпайтиришга бел боғлаган. 

Олтин зинапоялардан фақат юксакларга қараб талпинаётган самарқанд халқининг иродаси, ватанпарпарлиги, каттаю кичикнинг “ипни ипга қўшсанг, арқон бўлади” дея бирдамликда интилиши, дориламон кунларга ишончининг ифодаси бўлмиш бундай ютуқлар қалбга ўзгача ғурур, куч-қувват бағишлайди, албатта. Ва шукурлар қиламизки, дастурхонимиз ноз-неъматларга тўлиб боряпти, жаҳоннинг илғор мамлакатларига бўйлашиб боряпмиз. Қанча-қанча тубсиз ва жавобсиз муаммоларнинг ечими топиляпти. Ишсизлар - ишли, уйсизлар - уйли бўляпти.

Аммо, дунё нотинч. Дунё безовта. Дунё симобдай қалқиб турибди. Сиёсий иқлим ақл бовар қилмас шиддат измида этагини тутқазмаяпти. Бундан минг-минг йиллар аввалги даҳшатларни эсга солувчи ваҳмкор воқеалардан , ҳатто, самовий сайёралар ҳам ўз ўқи атрофидан чиқиб кетгудай ташвишда. Ур-сурлар бўронида, эрта тугул, саноқли дақиқалардан кейин нималар бўлиши тасаввурга сиғмайди. Ўйламай қўйилган бир қадам ёки билиб-билмай айтилган бир сўз тубсиз жарга қулатиши мумкин. 

Бугун нафақат мамлакатлар ва сиёсатлар ўртасида , балки, яхшилик билан ёмонлик, ҳалоллик билан ҳаром, садоқат билан хоинлик, тўғрилик билан ёлғон каби хислату иллатлар ўртасида ҳам бешафқат жанглар кетяптики, бунадай ҳаёт-момот курашлари кишини ҳар нафасда ҳушёр туришга даъват этади.

Янаям ачинарлиси, орамизда улуғ мақсадларга етишни худди сувда эрийдиган шакардек енгил тасаввур қиладиган бетоқатлар, дўппи берсанг саллани, салла берсанг, дўппини талаб қилувчи боқимандалар ҳам бор, уларни кўрганда, эй, биродари азизлар, одам деганда жилла қурса бирозгина ҳаракат, бирозгина ташналик, бирозгина ҳаяжон, бирозгина иштиёқ, бирозгина фидойилик, бирозгина тафаккур, бирозгина шукроналик бўлиши ҳам керак-ку, дейишдан тиёлмай қоласан ўзингни. Тиёлмайсан-да, кечагина маошини ололмай банклар эшигида сарғайиб ўтирган, бир уват наридаги қўшни давлатга чиқолмай девона бўлган, эшикма-эшик иш ахтариб, тополмай, яшашга ҳафсаласи қолмаган айрим кишиларнинг мана шунақа ношукурлигини кўриб турганингдан кейин.

Беҳаловат кунларда биз юрадиган кўча битта. Давлат раҳбари бу йўлни аниқ қилиб айтганлар: “Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни , албатта, барчамиз биргаликда бунёд этамиз”.

Биргаликда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш иштиёқи айни дамларда мамлакатимизнинг барча қишлоғу шаҳарларида, ёшу қари - ҳамманинг қалбида Зарафшон дарёсидек шиддат билан жўш урмоқда. Самарқандда бўлганлар бу қудратли тўлқинни кўзи билан кўради, қалби билан идрок этади. Самарқандликларнинг “шериклашиб ишлаганнинг юраги шердай бўлади”, деган қадимий ҳикматни ўзларига шиор қилиб, тотувликда тиллашиб, қўллашиб, беллашиб, бирлашиб, иттифоқлашиб меҳнат қилаётганидан руҳи тоғдай юксалади ва, шоирликдан бехабарлар ҳам, беихтиёр:

Самарқандга борсам ҳар сафар,

Кутиб олар қутлуғ зафарлар! - дея шеър тўқиб юборганини сезмай қолади.

Абдусаид Кўчимов 

ЎзА