Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги тўйларни тартибга олса бўладими?
18:28 / 2025-10-14

Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холбек Кўбаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар томонидан шу каби саволлар ҳам берилди.

– Самарқандда ўтаётган дабдабали тўйлар ва уларда ёшлар томонидан содир этилаётган нописанд қилиқлар биз учун оғриқли нуқта, – деди Холбек Кўбаев. – Бундай ҳолатларга қарши фақат маҳалла фаоллари ёки маънавият тарғиботчиларнинг ҳаракати билан натижага эришиб бўлмайди. Шу боис биз тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказмоқдамиз. Масалан, яқинда бир тўйдан кейин автомашиналар иштирокида содир бўлган ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Мазкур ҳолатни вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўргандик ва автомашина ҳайдовчисига нисбатан тегишли жарима қўлланилди. Бироқ шунчаки жарималар билан муаммони ҳал этиш қийин. Агар йўлда бошқаларнинг хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатларни амалга оширган ҳайдовчиларга нисбатан жарималар кескин оширилса ёки уларнинг автомашиналари мусодара қилинса, шундай ҳолатлар анча қисқарар балки.  

Вилоят маънавий ҳаётига масъулнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда тарқаладиган ва аҳолининг эътирозига сабаб бўладиган тўйларидаги исрофгарчилик, пул сочиш, ёшларнинг беўхшов рақслари ва турли хил маросимлар ўша ҳудуд аҳолиси, маҳалла фаоллари ва тўй эгалари билан муҳокама қилинади. Келгусида маҳаллада бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги айтилади. Аммо, айрим кишиларнинг ўзини кўз-кўз қилишга интилиши, орзу-ҳаваси туфайли тартиблар чеклаб ўтилади. Қачонки дабдабали тўйларга чек қўйиш масаласига, мавжуд тартибни таъминлашга бошқа идоралар ҳам жиддий ёндошса, миллий қадриятимиз бўлган тўйларимиздаги ножоиз одатлар ва кўринишларга барҳам берилади.

Матбуот анжуманида вилоятдаги “қизил” ва “сариқ” тоифадаги 396 маҳаллада олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, корхона ва таълим муассасаларида ўтказилаётган ўрганишлар, “Китоблараро 80 кун”, “Маърифатли китобхон”, “Миллий контент”, “Менинг юртим” ва “Матонатли йўл” каби медиа-лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, келгусида ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида сўз юритилди. Хусусан, Булунғурда “Бахшичилик – миллий мерос” кўрик-танлови, Нурободда “Эл ҳурматидаги оила” танлови, Қўшработда Эргаш Жуманбулбул ижодий кечаси, Пастдарғом туманида “Маънавият кечалари”, Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида “Самарқанд маънавияти” ток-шоуси ўтказилиши айтилди. Вилоятга кириш-чиқиш йўллари ва М-37 халқаро автомобил йўли бўйлаб “Маънавият бурчаги” ва кутубхоналар ташкил этилади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари