Юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида соҳа тубдан такомиллашиб, халқаро талабларга мос тарзда тиббий хизмат сифати ошиб бормоқда.
Энг муҳими, бу жараён халқаро экспертлар томонидан эътироф этилиб, мамлакатимиз тиббиёти нуфузи дунё эътиборига тушмоқда. Айни жараёнда тиббиёт ташкилотларини Миллий аккредитация қилиш тизимининг амалиётга жорий этилиши тиббиётнинг тез суръатларда ривожланаётганлигидан далолат беради. Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган “Meros International Hospital” кўп функцияли тиббиёт маркази ҳам юртимизда биринчилардан бўлиб Миллий аккредитация сертификатини қўлга киритди.
Марказда Миллий аккредитация тизимининг амалиётга жорий этилганини тасдиқловчи сертификатни топширишга бағишланган тадбирда Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази директори Жалолиддин Асамутдинов, Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Жиянов ва соҳа масъуллари иштирок этди.
– Мазкур тизим тиббий хизматлар сифатини ошириш, беморлар хавфсизлигини кафолатлаш, шунингдек, тиббиёт муассасаларида сифат маданиятини шакллантиришга қаратилган замонавий механизм ҳисобланади, – дейди Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази директори Жалолиддин Асамутдинов. – Миллий аккредитация тизими давлатимиз раҳбари бошчилигида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, у тиббиёт ташкилотлари фаолиятини хавфсизлик, самарадорлик ва халқаро стандартлар асосида баҳолаш имконини беради. Ушбу тизим орқали тиббий хизматлар сифатини тизимли равишда ошириш, беморларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда клиник амалиётларда замонавий стандартларни жорий этиш назарда тутилган. Миллий аккредитация жараёнлари соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази томонидан мувофиқлаштирилади. Марказ томонидан ишлаб чиқилган тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш бўйича миллий стандартлар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 5 августдаги буйруғи билан тасдиқланган.
Шунингдек, 2025 йил 21 октябрдаги буйруқ билан аккредитация жараёнларини амалиётга жорий этиш тартиби белгиланди. Ушбу стандартлар тиббиёт ташкилотлари фаолиятининг барча асосий йўналишларини қамраб олади. Хусусан, етакчилик ва бошқарув тизими, бино ва жиҳозларнинг хавфсизлиги, инфекцион назорат, клиник амалиёт ва даволаш жараёнлари, дори воситалари билан ишлаш, беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кадрлар бошқаруви ва малака ошириш йўналишларини қамраб олади. Стандартлар ISQua (International Society for Quality in Health Care) халқаро талаблари асосида, халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бўлиб, тиббий хизматлар сифатини глобал меъёрларга мослаштиришга қаратилган.
“Meros International Hospital” кўп функцияли тиббиёт марказида қисқа фурсатда халқаро талаблар асосида амалга оширилган чора-тадбирлар ўз самарасини берди ва Миллий аккредитация сертификатига эга бўлди. Ушбу тизимнинг жорий этилиши орқали тиббиёт ташкилотида хизматлар сифати ошади. Беморлар хавфсизлиги кафолатланади, сифат маданияти шаклланиб, муассасада халқаро стандартларга мос фаолият юритилади. Миллий аккредитация тизими, шунингдек, тиббиёт соҳасида инновацион технологиялар ва халқаро тажрибаларни жорий этишга замин яратади, бу эса беморлар ва мутахассислар учун қулай шароитлар яратади.
[gallery-26832]
– Тиббий марказимиз белгиланган талабларни тўлиқ бажарган ҳолда миллий аккредитациядан ўтди, – дейди “Meros International Hospital” кўп функцияли тиббиёт марказининг стратегик ривожлантириш бўйича директори Ўктам Рустамов. – Республикамиз тиббий муассасалари ичида биринчилардан бўлиб ушбу сертификатга эга бўлдик. Бу нимани англатади, деган ҳақли савол туғилади. Бу марказимизда кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг тўлиқ давлат стандартларига мослигини, хавфсизлик талаблари таъминланганлигини ҳамда сифат кўрсаткичларига жавоб беришини расман тасдиқлайди. Албатта, бу натижа ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ.
Бу жамоамизнинг тизимли меҳнати ҳамда беморларимизнинг ишончи маҳсули. Марказимизда шифо истаб келган беморларга имкон қадар тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ва фаолиятимиз давомида бунга қатъий амал қилинади. Айни пайтда марказимизда янги йўналишлар билан бирга ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан кейинги фаолиятимиз ҳам Миллий аккредитация тамойилларига мос тарзда ривожланиб боради.
Ғолиб Ҳасанов,
Алишер Исроилов (сурат), ЎзА