Мамлакатимиз ички истеъмол бозорида сояга бўлган талаб ошмоқда.
Бу ушбу маҳсулот дони таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой мавжудлиги туфайли озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланиши билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, соянинг саноат, техника, чорвачиликни ривожлантиришда ҳам роли катта. Ундан совун, лок-бўёқ, елим маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, шунингдек, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади.
Соядан шрот, кунжара олинади. Яшил пояси чорва учун тўйимли озуқа. Умуман, соядан 400 хилдан ортиқ хилдаги маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Самарқанд туманидаги “Талабот” фермер хўжалиги дала майдонида уруғлик соя парвариши ва жамғариш ишларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилган кўргазмали семинарда дастлаб мазкур ўсимлик ҳақидаги шу ва бошқа маълумотлар қайд этилди.

Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси, “АгросервисМТП” масъулияти чекланган жамияти, “Агроинспекция”нинг вилоят бошқармаси масъуллари, туманлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари “Талабот” фермер хўжалигида соя етиштириш жараёни билан танишди. Хўжаликда Туркиядан келтирилган соя уруғи парваришланмоқда. Ушбу нав иқлим шароитимизга мос, серҳосил эканлиги қайд этилди.
– Жорий йилда Пастдарғом туманида қарийб 2 минг гектар, Каттақўрғон туманида 1685 гектар, Нарпайда 871 гектар, умуман, вилоятимиз бўйича 7 минг 822 гектар майдонда соя етиштирилмоқда, – деди семинарда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Абилов. – Фермерлар учун даромадли, саноат, чорвачилик ва бошқа тармоқлар учун фойдали бўлган ушбу йўналишни кенгайтириш мақсадида келгуси йилда вилоятимизда 15 минг гектардан ортиқ очиқ ер майдонида соя етиштириш режалаштирилган. Бунинг учун ҳозирданоқ сифатли соя уруғини жамғариш ва экинни парваришлашни ўрганиш лозим.

Мутахассислар соя етиштиришда Туркия тажрибасидан фойдаланиш манфаатли бўлишини таъкидламоқда. Буни мазкур хўжалик фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Тадбир қатнашчилари соя етиштиришда уруғлик танлаш, кимёвий воситалардан фойдаланиш, шунингдек, Туркия тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари юзасидан мутахассислардан маълумот ва тавсиялар олди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА