2021 йилнинг дастлабки ойи таҳилларига кўра, Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таьминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида кўрилган чоралар, ўтказилган рейд тадбирлари натижасида бир ой мобайнида вилоят ҳудудида 40280 та қоидабузарлик аниқланди.
Бу ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 76 фоизга ёки 14416 тага кўпдир. Жумладан, 725 ҳолатда ҳаёдовчиларнинг транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани қайд этилиб, тегишли жавобгарлик чоралари белгиланди.
– Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан ваколатимиз доирасида бўлган
34180 маъмурий баённомалар бўйича ҳуқуқбузарлардан 5 миллиард 635 миллион сўм миқдорида жарима ундириш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари З.Қаюмов.
– Бундан ташқари, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида ўрнатилган онлайн режимида ишловчи 17 та стационар ва 5 та мобиль радар ёрдамида 11897 та қоидабузарлик аниқланиб, 5 миллиард 663 миллион сўм жарима ёзилган. Самарқанд шаҳрининг серқатнов кўчалари ва чорраҳаларида тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида Мирзо Улуғбек ва Спитаменшоҳ, Даҳбед ва Рудакий кўчалари чорраҳасида ҳамда Нарпай тумани ҳудудида 3.27 йўл белгиси таъсир зонасида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган транспорт воситаларини аниқловчи “Паркон” дастури асосида ишловчи 6 та видеокузатув камераси ўрнатилди. Ушбу воситалар ёрдамида 2021 йил январь ойида 2360 та қоидабузарлик аниқланди.
Йилнинг дастлабки ойида вилоят ҳудудида 32та транспорт воситаси иштирокида 24 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани қайд қилинди. Уларнинг 7 тасида тан жароҳати олиш, 11 тасида ўлим ҳолати кузатилди. Йўл-транспорт ҳодисаларнинг 3 таси болалар билан боғлиқ бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА