Бугунги кунда Самарқанд вилоятида туғиш ёшидаги аёллар бир миллион нафардан ортиқни ташкил этади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида 69 минг 560 та туғруқ қайд этилди ва 82 минг 330 нафар ҳомиладор рўйхатга олинди. Шаҳар ва туманларда битта перинатал марказ ҳамда тиббиёт бирлашмаларининг 19 та туғруқ бўлими фаолият олиб бормоқда. Улардаги умумий туғруқ ўринлари сони 1800 тани ташкил этади.
Бугунги кунга келиб ушбу туғруқ ўринлари камлиги, янги туғруқ мажмуалари ташкил этиш зарурлиги аён бўлиб қолди.
– Давлатимиз раҳбари раислигида яқинда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда жойларда янги туғруқхоналар ташкил этиш, мавжудларидаги ўринлар сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Мўминов. – Ушбу топшириқдан келиб чиқиб биз ҳам ҳар бир туман ва шаҳарнинг аҳоли сони ва туғруқ кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ўз таклифларимизни беряпмиз. Аксарият ҳудудлардаги туғруқ бўлимларимиз ташкил этилганига қирқ-эллик йил бўлгани. Ундан аввал очилган туғруқхоналаримиз ҳам бор. Уларда ўринлар сони ўша пайтлар ва яқин йилларга мўлжалланган. Ваҳоланки, юртимиз аҳолиси йил сайин кўпайиб бормоқда. Туғруқлар сони ҳам муттасил ўсмоқда. Бунинг устига, кейинги йилларда юртимизда оналик ва болалик муҳофазасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва баркамол бўлиб ўсиши, оналарнинг саломатлигини мустаҳкамлаш тиббиётнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Албатта, бунда биринчи навбатда туғруқ мажмуаларида замон талабларига мос шарт-шароит яратиш вазифаси турибди.
Айни шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юртимиздаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг туғруқ бўлимлари негизида 46 та туманлараро перинатал марказлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятида Каттақўрғон шаҳри, Пайариқ, Пастдарғом ва Ургут туманларида шундай перинатал марказлар ташкил этилиши белгиланган. Айни пайтда Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими негизидаги марказ фаолият кўрсатмоқда. Қолган учта туманлараро марказ ҳам жорий йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 100 ўринли туғруқ мажмуаси 2019 йилда 4 миллиард сўм маблағ эвазига янгидан қурилган. Бино замонавий ва барча қулайликларга эга. Шу пайтгача асосан, шаҳар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатган. Туғруқхона туманлараро перинатал марказга айлантирилгач, ўринлар сони кўпаймади, лекин янги бўлимлар ташкил этилди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди.
[gallery-9724]
– Марказ Каттақўрғон шаҳри, Нарпай, Иштихон, Нуробод ва Каттақўрғон туманлари ҳомиладор аёлларига хизмат кўрсатиши белгиланган, – дейди Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туманлараро перинатал маркази раҳбари Чарос Элмуродова. – Бу ерда туғруқ ва туғруқдан кейинги бўлим, гинекология, ҳомиладорлар хасталиги, реанимация ва чақалоқлар реанимация бўлимлари мавжуд. Шу пайтгача чақалоқлар реанимация бўлими бўлмаган ва марказ ташкил этилгач, керакли тиббий аппаратлар ажратилиб, чала туғилган ва перинатал кўмакка муҳтож чақалоқларни сақлаб қолиш ва парваришлаш имконияти яратилди. Яна бир қатор янги жиҳозлар келтирилмоқда ва бу ҳам ҳомиладор аёллар, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Ана шу тиббий ускуналар ёрдамида муддатидан олдин ва кам вазн билан туғилган 30 дан ортиқ гўдакнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бунда, албатта, янги тиббий жиҳозлар билан бирга ходимларнинг билим ва малакаси ҳам муҳим роль ўйнайди. 14 нафар врачларимизнинг барчаси олий тоифали, тажрибаси катта, яъни, юқори технологик операцияларни бажара олади. Неанатологларимиз Самарқанд ва Тошкентдаги перинатал марказларда малака ошириб келди. Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Россия Федерациясининг академик В.Кулаков номидаги миллий акушерлик, гинекология ва перинатология илмий тадқиқот маркази ходимлари томонидан ўқитилди.
Мен бу ерга келишимдан аввал Самарқанд шаҳридаги туғруқ мажмуасида, вилоят перинатал марказида ишлаганман, туманлардаги туғруқхоналарнинг қандай имкониятларга эга бўлганлигини яхши биламан. Шу пайтгача оғир кечадиган ва хавф гуруҳидаги ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича аёллар фақатгина Самарқанд шаҳридаги вилоят перинатал марказида қабул қилиниб, туғруқлар амалга оширилган. Бу оналар ва болалар ўлими билан боғлиқ жуда кўп ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилган. Лекин тан олиш керак, вилоятнинг олис ҳудудларида яшовчи, эрта-индин кўзи ёрийдиган аёлни узоқ йўл босиб шаҳарга олиб келиш осон кечмаган. Масофа узоқлиги билан боғлиқ ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Гапим қуруқ бўлмасин, кечаги ҳолатни айтай. Қаттақўрғон туманининг олис қишлоғидан оғир ҳолатдаги ҳомиладор аёлни марказимизга олиб келишди. Ҳолатни таҳлил қилиб, зудлик билан операцияга киришдик. Онанинг ҳам, боланинг ҳам ҳаёти сақлаб қолинди. Агар ярим соат кеч қолганимизда вазият тамоман тескари бўларди.
Шу нуқтаи назардан туманлараро перинатал марказлар ташкил этилиши ҳомиладор аёлларимиз учун уларнинг фарзандлари соғлом туғилиши учун жуда катта имконият бўлди.
– 34 йилдан буён шу соҳада ишлаймайман, – дейди Каттақўрғон шаҳар туманлараро перинатал маркази чақалоқлар реанимация бўлими бошлиғи Хурсантош Шукруллаева. – Чала туғилган болаларнинг яшаб кетиши энг оғир дардимиз эди. Нафас етишмовчилиги, ўпка билан боғлиқ муаммолар олдида ожиз эдик. Бу борада на кўникма, на шарт-шароит бор эди. Қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Қанақа қилиб болани иситиш, парваришлашни билмасдик. Шурки, кейинчалик тиббиётга эътибор ошиб, замонавий жиҳозлар келтирилди, барча зарур дори-дармон бериляпти. ЮНИСЕФ дастурларда қатнашиб, ўзимизнинг ҳам билим ва малакамиз ошди. Перинатал марказ ташкил этилгач, олти ўринли чақалоқлар реанимация бўлими ҳам очилди. Чала туғилган болаларни парваришлаш учун замонавий ускуналар берилди. Бу аппаратлар ёрдамида бир кило ва ундан кам вазнли туғилган чақалоқларнинг ҳам яшаб қолиш имконияти ошди.
Айтишларича, марказда кунига 10 тадан 20 тагача туғруқ бўлмоқда. Шу боис келгуси йилда ўринлар сонини кўпайтириш, ҳомиладорлар учун яна қўшимча қулайликлар яратиш режалаштирилган. Айни кунларда қурилиш ишлари давом этаётган Пастдарғом туманлараро перинатал маркази мазкур туман билан бирга Нуробод, Иштихон ва Каттақўрғон туманларининг ушбу муассасага яқин жойлашган ҳудудлари аҳолисига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. 120 ўринли марказда 70 жой туғруқ учун, 50 таси патологик ҳомиладорлик учун мўлжалланмоқда.
– Бирлашмамизнинг перинатал марказга айлантирилаётган туғруқ бўлими ва Гўзалкент филиалимизда йилига 7,5-8 минг туғруқ бўлади, – дейди Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик бўйича ўринбосари Комила Муқимова. – Патологик ҳомиладорлик ҳолатларида туманимиз аёллари Самарқанд шаҳридаги вилоят перинатал марказига боришади. Лекин вилоят бўйича битта шундай муассаса шу тоифадаги барча ҳомиладорни қамраб олиши ва хизмат кўрсатиши осон кечмаслигини кўриб турибмиз. Туманлараро перинатал марказлар ташкил этилиши ана шу муаммога барҳам беради, деб ўйлайман. Ҳозирда маҳаллий бюджетдан 2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, туғруқхона реконструкция қилинмоқда. Янги бўлимлар ташкил этилиши ҳисобга олиниб, қўшимча хоналар, операцион блок қуриляпти. Марказ учун керакли тиббий жиҳозлар бўйича вазирлик ва бошқармамизга буюртма берганмиз. Ускуналар навбати билан келтирилмоқда. Шунингдек, врач ва тиббий ходимларимиз ўқитилиб, малакаси ошириляпти. 2023 йилдан марказ аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди.
Вилоятда жорий йилдан йўлга қўйилган “Она ва бола кластери” тизими асосида ҳомиладор аёлларнинг электрон базаси шакллантирилмоқда. Уларнинг умумий аҳволини ўрганишнинг кунлик, ҳафталик ва ойлик назорат тизими яратилган. Бу тизимнинг самарали ишлаши учун туманларга вилоят перинатал марказидан ходимлар масъул қилиб белгиланган. Шунингдек, 16 туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари негизида “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Қизлар саломатлиги” маркази ва “Болалар бўлими” ташкил қилинган. Улар ёрдамида фертил ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар йил давомида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилмоқда.
Сайфиддин Мўминовнинг айтишича, йилнинг тўққиз ойи давомида вилоятда 12 ҳафталикгача рўйхатга олинган 82 минг 330 нафар ҳомиладорлардан 80 минг нафардан ортиғи бирламчи ультра товуш текшируви скринингдан ўтган. Текширувлар натижасида 1974 нафар ҳомиладорда ҳомиланинг туғма ривожланиш нуқсонлари аниқланиб, ҳомилалар сунъий равишда тўхтатилган. Бундан ташқари, перинатал хавф гуруҳига мансуб 6000 нафарга яқин ҳомиладор қайта биокимёвий скрининг текширувидан ўтказилган.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА