Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги онкология шифохонасига янги жиҳозлар берилади
15:21 / 2021-05-17

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 май куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифи чоғида онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Тадбирда марказ ва унинг ҳудудий филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш, аҳоли ўртасида профилактика тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Ушбу йиғилишдан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов соҳа масъуллари билан бирга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди. Шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини эшитди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

– Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида юртимизда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг янги тизими йўлга қўйилган эди, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Миржалол Жўраев. – Бунинг натижасида ушбу йўналишдаги тиббий муассасалар фаолияти такомиллашди, тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошди.

 Марказ ва унинг филиаллари замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланди. Жумладан, бизнинг филиалимизга ҳам бир қатор янги жиҳозлар келтириб, ўрнатилди. Масалан, ўтган йил 2 миллион евро эвазига филиалимизга масофавий ва ички нур бериш ускуналари олиб берилди ва беморларнинг ушбу муолажани олиши учун хорижга боришининг олди олинди. Бу янги аппаратлардан фойдаланиш ва замонавий даво муолажаларини амалга ошириш учун уч йил ичида 20 нафардан ортиқ ходимларимиз чет давлатларда малака ошириб келди. 

Куни кеча ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари касалликларни эрта аниқлаш мақсадида мобил бригадалар тузиб, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли учун профилактик кўриклар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга мобиль маммографлар ва позитрон-эмиссион томографлар етказиб бериладиган бўлди. Шунингдек, саратон касалликларини эрта аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилиб, махсус онкомаркер текширувлари йўлга қўйилади. Филиал моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, беморлар учун қулайлик яратиш мақсадида муассасамиз яқинидаги тиббий муассаса бинолари бизга бериладиган бўлди. Бу бинода қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят бюджетидан 4,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши айтилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА