Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги маҳаллалар обод бўлмоқда
16:08 / 2023-09-20

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан жойларда оғир ҳудуд, деб белгиланган аҳоли манзилларида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ишлари давом этмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Чўянчи, Иштихон туманидаги Чағатой, Пастдарғомдаги Олти қаҳрамон ҳамда Оқдарёдаги Янгиқўрғон маҳаллалари обод бўлмоқда.

Ушбу ҳудудлар аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи вакиллари бевосита жойларга чиққан ҳолда уйма-уй юриб ўрганишлар олиб бормоқда. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар давом этмоқда.

Республика ишчи гуруҳининг маълумотларига кўра, шу пайтгача ушбу маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мақсадида 13 километрдан зиёд ички йўллар асфальтланди, эски ёғоч электр устунлар 60 та янги темир бетон устунларга алмаштирилди, икки километрга яқин янги электр тармоқлари тортилди, икки дона янги трансформатор пункти ўрнатилди, икки километрга яқин газ қувурлари жорий ва капитал таъмирланди. Фуқаролар мурожаати асосида 600 дан зиёд қўшимча суюлтирилган газ баллонлари алмаштириб берилди.

Бундан ташқари, қиш мавсуми олдидан икки мингдан зиёд хонадонда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши, кўмир, ўтин ва суюлтирилган газга мослаштирилган печ ва плиталарнинг мавсумга тайёргарлик ҳолати тўлиқ ўрганилиб, мўрилари тозаланган, аниқланган камчиликлар бартараф этилган.

Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида уч минг нафарга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва унинг натижасида вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида даволанишга эҳтиёжи бор 213 нафар фуқаро даволаниш учун бепул йўлланма билан таъминланди. Шу билан бирга 30 дан зиёд эҳтиёжманд оилага ногиронлик аравачалари топширилди.

Ўрганишлар давомида аниқланган 100 га яқин ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, кам таъминланган фуқароларга хонадон таъмири учун қурилиш материаллари бепул етказиб берилди ҳамда боқувчисини йўқотган фуқароларнинг хонадонларини таъмирлаш ишлари бошланди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири