Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)ҳамда ушбу давлатдаги Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети, Ҳиросаки университети, Токио қишлоқ хўжалиги университетлари билан таълим ва илмий-тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу кунларда Японияга расмий ташрифи муносабати билан Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Шавкат Ҳасанов ҳам кунчиқар мамлакатда бўлиб, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Жумладан, Ш.Ҳасанов Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети профессори Ёшико Кавабата билан учрашувда JICA кўмагида амалга оширилаётган “Самарқанд вилоятида хурмони қуритиш орқали аҳоли даромадларини ошириш” лойиҳаси доирасидаги ишлар муҳокама қилинди ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.

Юртимизда кеч кузда пишадиган хурмо меваси ширин ва тахир таъмли бўлади. Тажрибали боғбонлар бу мева қанча узоқ вақт сақланса, шунча кўп ширин бўлади, дейишади. Аммо “лимон хурмо” деб номланган тахир таъмли бу мева узоқ вақт сақлангани билан “шоколадли”, яъни ширин хурмодек бўлмайди. Институт олимлари ана шу тахир хурмони қуритиш орқали ундан ширин ва кишига хуш ёқадиган маҳсулот тайёрлашмоқда.

– 2023-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади, – дейди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори Шавкат Ҳасанов. – Кейинги икки-уч йилда институтда тахир таъмли хурмони қуритишни синаб кўриб, ўтган йил дастлабки натижаларга ҳам эришдик. Лойиҳага кўра, хурмо мевалари пўсти ажратилиб, ипга боғлаб чиқилади ва 3-5 сония қайнаб турган сувда ушлаб турилади. Сўнгра қуритиш учун иссиқхона ёки ёпиқ бинога осиб қўйилади. Тахминан бир ойда хурмолар қуриб, майиз ҳолига келади. Тайёр бўлган маҳсулот институтнинг ўзида қадоқланиб, сотувга чиқарилади. Ўтган йил синов тариқасида янги маҳсулотни Самарқанддаги супермаркетларга бергандик, айтишларича, харидорларга манзур бўлган. Шунинг учун бир нечта савдо марказлари бу йил ҳам қуритилган хурмо олиш учун институт билан шартнома қилишди. Маҳсулот япониялик ҳамкорларимизга ҳам жуда манзур бўлди. Тайёр маҳсулотнинг асосий қисмини уларнинг ўзлари харид қилганди.

Бу йил эса институтда хурмони қуритиш учун махсус иншоот қурилди ва унда 60 тоннагача маҳсулотни қайта ишлаш имконияти яратилди. Шунингдек, хурмони кесиб қуритган ҳолда ундан чипси тайёрлаш йўлга қўйилди. Меванинг пўстлоғи эса махсус мосламада қуритилиб, ун ҳолига келтирилган ҳолда қандолатчиликда шакар ўрнида фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Хурмодан тайёрланган бу маҳсулотлар таркиби, инсон учун хавфсизлиги мутахассислар томонидан ўрганилиб, хулосалар берилган.
Лойиҳага кўра, институт томонидан хурмони қуритиш технологияси тўла ўзлаштирилгач, буни маҳаллий аҳолига ўргатиш ва шу орқали боғбонларнинг даромадини ошириш кўзда тутилган.
Жорий йил бошида юртимизга ташриф буюрган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака Самарқандда ҳам бўлиб, институтда лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишган ва уни амалга оширишни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Шавкат Ҳасанов Японияга сафари давомида "YUIME INC." компанияси ижрочи директори Ёшиказу Эширо билан ҳам учрашди.
Учрашувда мазкур компания билан JICA кўмагида амалга оширилаётган GROW лойиҳаси доирасида институт талабаларининг Японияда ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ҳамда битирувчилар учун Японияда дастлаб 5 йил ишлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа 2026 йил январдан амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, учрашувда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида япон тилини ўргатиш маркази фаолиятини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири