Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан тадбир йўналишларида давлат раҳбарларининг хавфсиз ҳаракатланишларини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги айрим кўча ва автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинча чеклаш тўғрисида фармойиш қабул қилди.
Унга кўра, жорий йил 14 сентябридан 17 сентябрига қадар Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шоҳи Зинда, Уста Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий, Даҳбед, Абдураҳмон Жомий ва Фирдавсий кўчаларида, Самарқанд, Оқдарё ва Пайариқ туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи М-37 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль йўлининг 0-12 километри, шунингдек, М-37а “Самарқанд халқа йўли” автомобиль йўлининг 33-46 километри, 4К-493в “Эшимоқсоқ маҳалласига кириш” автомобиль йўлининг 0-5 километри, 4К-505 “Оқдарё кўприги-Қулбости” автомобиль йўлининг 0-5 километри оралиғида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.
Ҳаракат қатнови чекланган кўча ва автомобиль йўлларида тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар махсус транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади.
Ҳайдовчиларга ноқулайликлар туғдирмаслик мақсадида айланма йўллар орқали ҳаракатланиш йўналишлари ишлаб чиқилади.
ЎзА