Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги 643 маҳаллада жорий йилда жиноят содир этилмади
15:25 / 2023-08-11

Бу ҳақида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдаги сессиясида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Хондамир Умаров маълум қилди.

– “Обод ва хавфсиз маҳалла” тизимини жорий этиш бўйича “Самарқанд тажрибаси” сифатида маҳалладаги бешлик (маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори) томонидан ўтган йилдан бошлаб ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки улардан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан ишлаш йўлга қўйилган эди, – деди Х.Умаров. – Мазкур тизим асосида бу йил 184 мингга яқин хонадон ўрганилиб, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки улардан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 12 минг нафар шахсга нисбатан хулосалар берилди. Маҳалла бешлиги томонидан олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида барча соҳалар бўйича қайд қилинган жиноятлар сони 100 минг аҳолига нисбатан вилоят бўйича 78,4 тани (республикада 137,5 та) ташкил этди. Вилоятда мавжуд 1126 маҳалланинг 643 таси (57 фоизи)да жиноятлар содир этилмади. 307 маҳалла “қизил” тоифадан “сариқ” тоифага ўтишига эришилди. Хотин-қизларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликлар қурбони бўлишининг олдини олиш мақсадида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 977 нафар аёлларга “ҳимоя ордери” берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан назорат ўрнатилди.

Зўравонликка учраган хотин-қизларнинг 2 нафарини вояга етмаганлар, 225 нафарини 18-30 ёшли қизлар ташкил этди. Таҳлилларга кўра, 880 нафар аёлларга оилаларда, 81 нафарига кўчада, 12 нафарига жамоат жойларида, 2 нафарига таълим муассасасида ва 2 нафарига иш жойида зўравонлик содир этилган. Вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказилган тадбирлар давомида 2554 та ҳолат аниқланиб, 32 та ҳолат юзасидан масъул шахсларга нисбатан, 2522 ҳолат бўйича вояга етмаганларнинг ота-онасига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрилди. 317 нафар вояга етмаганлар ҳамда уларнинг хулқ атворига салбий таъсир кўрсатувчи 106 нафар ота-она профилактик ҳисобга олинди.  

Пробация ҳисобида жазони ўтаётган шахсларга 3827 марта турли хил ёрдамлар кўрсатилган. Жумладан, 1425 нафари ишга жойлаштирилган, 38 нафарининг соғлиғини тиклашига кўмаклашилган, 3 нафари уй-жой билан таъминланган. 1598 нафар назоратдаги шахслар ўталмай қолган жазодан муддатидан илгари шартли озод этилган. Жорий йилнинг 10 июлидан 10 августига қадар вилоят ҳудудида “Жиноятчиликка қарши кураш ойлиги” тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА