Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги 282 фермер хўжалиги 100 центнердан юқори ғалла олди
16:12 / 2024-07-09

Жорий йилда 94,2 минг гектар майдонда ғалла парваришлаган Самарқанд вилояти фермер хўжаликлари уч ҳафта ичида 235 минг тоннадан ортиқ дон йиғиштириб олиб, шартнома режасини ортиғи билан бажарди.

Ўрим-йиғим ишларини қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ташкил қилиш мақсадида 274 та отряд шакллантирилиб, 274 дона юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари ва 1108 дона транспорт воситаларидан самарали фойдаланилди.  

Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Иштихон ва Жомбой туманларида юқори ҳосилдорликка эришилиб, гектарига ўртача 90-96 центнердан дон йиғиштириб олинди. Вилоят бўйича 282 фермер хўжалиги 100 центнердан ошириб ҳосил олди.

Жумладан, Пахтачи туманидаги “Асилбек илғор пахтакор” фермер хўжалиги 110 центнер, Каттақўрғон туманидаги “Қушли дала баракаси” фермер хўжалиги 108 центнер, Иштихон туманидаги “Булоқбоши пахтакори” фермер хўжалиги 102 центнер, Нарпайдаги “Пахтакор” фермер хўжалиги 100 центнер натижага қайд этди.

– Юртимиз қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан унумли фойдаланган ва фидокорона меҳнат қилган бу илғор фермерларга, мазкур хўжаликлар аъзоларига вилоят ҳокимлиги ва самарқандликлар номидан миннатдорлик билдираман, – деди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов вилоятда қишлоқ хўжалигида юмушлар муҳокамаси чоғида. – Уларнинг заҳматли меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Ўз навбатида бу йилги мавсумда 25 центнердан кам ҳосил олган 163 фермер хўжалиги билан шартнома муносабатларини қайта кўриб чиқиш лозим.

Маълумотларга кўра, жорий йилги мавсуми якуни билан ғаллачилик фермер хўжаликлари ихтиёрида 650 минг тоннага яқин дон қолмоқда. Йиғилган ғалланинг 76,2 минг тоннаси давлат ресурсига, 160,5 минг тоннаси фермерлар томонидан биржа савдоларига чиқариш мақсадида вақтинча сақлаш учун жамғарилди. Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун 13,2 минг тонна сифатли уруғлик захираси яратилди. 12 минг тонна ғалла фермерлар томонидан оталиққа олинган 24 мингга яқин эҳтиёжманд оилага бепул тарқатилди.

Айни пайтда вилоятда ғалладан бўшаган 90,5 минг гектар майдонда такрорий экинлар экилмоқда. Хусусан, 11,2 минг гектар ер “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 60,5 минг нафар ишсиз фуқарога ажратилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири