“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Самарқанд вилоятидаги маҳаллалар ҳаётида ёрқин саҳифа қолдирмоқда. Жумладан, Янги йил байрами арафасида Самарқанд шаҳридаги Абдураҳмон Жомий маҳалласи, Булунғур туманидаги Янгиқўрғон, Олмазор, Навбаҳор, Қирқшоди, Қўшработ туманининг Янгиобод, Урганжи ва Қўрғон маҳаллаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Шу пайтгача ўз биносига эга бўлмаган ушбу маҳаллалар ходимлари битта-иккита хонада, ижарада туриб фаолият кўрсатишга мажбур эди. Эндиликда барча маҳалла биноларида раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд. Шунингдек, кутубхона ва бошқа қўшимча хоналар ташкил этилди.

– Бу йил вилоятимиздаги маҳаллаларнинг моддий-техника базасини яхшилашга жуда катта эътибор қаратилди, – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, вазирлигимиз кўмагида ўз биносига эга бўлмаган маҳаллалар учун 200 та янги бино қурилди. Айни пайтда яна 20 та маҳалла учун замон талабларига жавоб берадиган марказлар бунёд этилмоқда. Шунингдек, маҳалла ўқув маркази ўз биносига эга бўлди. Йил давомида 1126 маҳалланинг барчаси интернет тармоғига уланди. 234 маҳалла компьютер техникаси ва 159 маҳалла мебель жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари, режа-жадвалга мувофиқ вилоят маҳалла ва нуронийлар бошқармаси биноси ва 150 та маҳалла биноларига умумий қуввати 55,5 кВт кичик қуёш фотоэлектр станциялар ўрнатилди.

Булунғур туманида мавжуд 55 маҳалланинг 12 тасининг биноси йўқ эди. Бу йил тегишли дастурлар асосида 7 маҳалла учун янги бино қуриб берилди. Қолган маҳаллаларга ҳам 2023 йилда бино қуриш чоралари кўрилмоқда.
Тумандаги янги маҳалла биноларининг очилиш маросимларида вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА