Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги 169 маҳаллада оилавий ажрим қайд этилмади
17:12 / 2024-12-25

Самарқанд вилояти маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев бошқарган мажлисда 2024 йилда вилоятдаги маҳаллаларда “еттилик” ва унга масъул ҳудудий бошқарма ва ташкилотлар амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. 

Таъкидландики, йил аввалида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда маҳаллани қўллаб-қувватлаш республика, вилоятлар ва туманлар (шаҳар) кенгашлари ташкил этилиб, вертикал тизим яратилди. Шу асосида йил давомида вилоятдаги 16 та туман (шаҳар), 64 та сектор ва 1126 та маҳаллада аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини таъминлаш, маҳаллаларни ишсизлик, камбағаллик, миграция, оилавий ажрим ва жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш ҳамда секторлар раҳбарлари томонидан “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимини тубдан такомилаштириш чора-тадбирлари белгиланди ва уларга ташкилий-услубий кўмаклашиш ишлари олиб борилди.

Энг асосийси, маҳаллаларни рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш, маҳаллада маълумотларнинг ягона базасини юритиш мақсадида яратилган “Рақамли маҳалла” платформасида маълумотларнинг умумий базасини шакллантириш ишлари ташкил этилди.

Натижада ўтган давр мобайнида, “маҳалла еттилиги” томонидан “Омбор дафтари”даги ишсиз фуқароларнинг 85 минг 569 нафари (95,4 фоизи) бандлиги таъминланди, 32 минг 861 та оила (жами камбағал оилаларнинг 33 фоизи) камбағалликдан чиқарилди, улардаги 17 145 нафар ишсиз оила аъзоларининг бандлигини таъминланлашга кўмаклашилди.

– “Еттилик” томонидан мигрантлар билан доимий тарзда онлайн мулоқотлар ўтказиш натижасида 115 минг 541 нафар фуқаро хориждан қайтиб келди ҳамда уларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи, вилоят маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси ўринбосари Шерали Йўлдошев. – “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида 18 053 та ижтимоий муаммо ижобий ҳал этилиб, қўшма хулосалар тузилди. Ажрим ёқасидаги 1567 та оила билан манзилли ишлар олиб борилди ва 1384 та оила яраштирилди, 32 та эрта никоҳнинг олди олинди. Вилоятдаги 169 та маҳалла оилавий ажримдан, 84 таси ишсизликдан, 446 таси жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантирилди.

Йиғилишда “маҳалла еттилиги” тизими масъулларининг ҳисоботлари эшитилиб, фаолият танқидий таҳлил қилинди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар қайд этилиб, келгусида бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун зарур чора-тадбирларни кўриш белгиланди. 

Муҳокама якунида амалга оширилган ишларни яна бир бор таҳлил қилган ҳолда аҳоли муаммолари билан ишлаш, камбағал оилаларнинг даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича маҳаллаларда “еттилик” томонидан амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши айтилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири