Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги 16 та сайлов участкасини онлайн кузатиб бориш мумкин
15:32 / 2021-10-04

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.

Комиссия раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда сиёсий партиялар вилоят масъуллари ва бир қатор ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахбороти эшитилди.

Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва “Адолат” социал демократик партияси вилоят кенгашлари раҳбарлари жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккала партия ҳам ўз номзодлари билан иштирок этаётганини таъкидлади. Шу пайтгача вилоятда “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодининг сайловчилар билан учрашуви ўтказилди. “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг Самарқанддаги учрашуви кейинги ҳафтада режалаштирилган. Айни пайтда жойларда ишончли вакиллар томонидан ташвиқот ишлари ўтказилмоқда. Бунинг учун маҳаллий ҳокимлик ва бошқа масъул идоралар томонидан зарур шарт-шароит яратиб берилмоқда.

Партиялар етакчилари сайлов билан боғлиқ бошқа тадбирлар ҳам Сайлов кодекси ҳам бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга амал қилган ҳолда, белгиланган календар-режа асосида олиб борилаётганини алоҳида қайд этди.

Мажлисда “Ўзтелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд филиали бошлиғи Н.Эшназаров 7-Самарқанд сайлов округи ҳудудида тузилган 1111 та сайлов участкаларини сифатли телефон ва интернет алоқаси билан таъминлаш учун зарур чоралари кўрилганини маълум қилди.

 – Сайлов участкаларининг барчаси 4 Мбит/с тезликдаги интернет тармоғига уланган, – деди Н.Эшназаров. – Жумладан, 1061 та сайлов участкаси оптик толали кабель орқали, 50 та сайлов участкаси радиомост орқали тармоққа уланди. Сайлов участкалар учун телефон хизматлари ташкил этилди. Алоқа сифатини таъминлаш, муаммолар юзага келса тезкор бартараф этиш мақсадида барча участкаларга масъуллар бириктирдик. Бундан ташқари, шаҳар ва туманлардаги 16 та участка сайлов комиссиялари фаолиятини онлайн режимида кузатиб бориш учун кузатув камералар ўрнатилди.

Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Қ.Ҳасанов ўз ахборотида сайловга тайёргарлик доирасида вилоятдаги барча сайлов участкаларига борадиган йўлларнинг ҳолати ўрганилганини маълум қилди. Ўрганиш натижасида 316 та участканинг 216 километр йўллари таъмирга муҳтожлиги аниқланланган. Шу пайтгача давлат дастурлари асосида участкаларга олиб борадиган 154 километр ички хўжалик йўллари, 35 километр давлат аҳамиятидаги йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Мажлисда комиссия ваклолатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Комиссия йиғилишида сиёсий партиялар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг халқаро кузатувчиси ҳам иштирок этди.

 

 Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА