Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда жорий йилда давлат хизматлари кўрсатишда 1644 та қонунбузилишига йўл қўйилган
19:50 / 2021-03-11

Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Бошқарма бошлиғининг айтишича, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказлари томонидан 106 841 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу рақам 145 985 тани ташкил қилди.

Жумладан, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш юзасидан 28173 та, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 5359 та хизмат кўрсатилган. 5564 тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган.

– Аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида марказлар томонидан мунтазам равишда олис маҳаллаларда сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда, – деди М.Қурбонов. – Икки ой давомида вилоятимизнинг энг чекка ва олис ҳудудлари, аҳоли гавжум бўлган жойларда 3746 та сайёр хизмат кўрсатилди. 100 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ўз навбатида вилоятдаги 16 та ваколатли органларнинг жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолияти ўрганилганда, улар томонидан 1644 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Хусусан, 1512 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, 21 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 40 ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 21 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. Соҳалар кесимида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан 613, давлат солиқ идоралари томонидан 398, давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан 310 ҳолатда қонунбузилишига йўл қўйилган.

Ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 4 та тақдимнома ва 86 та огоҳномалар киритилди. 70 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.

Ўтган давр мобайнида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 13992 та туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилиб, 2854 ҳолатда ўлим далолатнома ёзувлари қайд этилган. Шунингдек, 4 263 та никоҳ ҳамда 609 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган.

Фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари давлат хизматларидан нафақат марказларга келиб, балки Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz манзили орқали ҳам онлайн тарзда фойдаланиш имкониятига эга. 2020 йилнинг 1 мартидан 2021 йилнинг 1 мартига қадар ушбу портал орқали вилоят бўйича 8782 та ариза тушган. Онлайн тарзда давлат хизматларидан фойдаланилганда хизмат учун тўланадиган давлат божида 10 фоиз имтиёз берилади.

2020 йилнинг 1 мартидан мамлакатимизда янги намунадаги кадастр паспорти берила бошланди. Жорий йилдан бошлаб Самарқанд вилоятида ҳам ана шундай намунадаги кадастр паспорти берилиши режалаштирилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА