French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда замонавий IТ-park қурилиши бошланди
20:33 / 2025-12-22

Самарқанд шаҳрида IТ саноати инкубатор биноларини қуриш лойиҳасига старт берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, IТ-park кузатув кенгаши раҳбарлари, лойиҳанинг бош пудратчиси – Хитойнинг Ўзбекистондаги “Shanghai Construction Group” компанияси вакиллари иштирок этди.

– Ушбу замонавий IT паркнинг қурилиши рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, ахборот технологиялари бўйича иқтидорли ёш мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади, – деди Самарқанд вилоят ҳокими А.Бобоев. – Мажмуада стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш учун барча шарт-шароит яратилади. Бу эса ҳудудда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

[gallery-26856]

IТ инкубация маркази бир гектарга яқин майдонни эгаллаган бўлиб, лойиҳа EPC+F (муҳандислик, таъминот, қурилиш + молия) модели асосида Хитойнинг Ўзбекистондаги “Shanghai Construction Group” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Халқаро миқиёсда тажрибага эга ушбу кўп тармоқли қурилиш компанияси “Fortune Global 500”, яъни дунёнинг энг кучли компаниялари 500 талигида 354-ўринни, дунёнинг энг йирик пудратчилари рейтингида эса саккизинчи ўринни эгаллаган. 2024 йилда унинг даромади 41 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

– 2019 йилда Ўзбекистон бозорига кириб келган компаниямиз EPC+F модели асосида “Тошкент city”, SQB, ASAKA ва ALOQA банклари бош офис бинолари лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширди, – дейди  “Shanghai Construction Group” компанияси бош директори Панг Шенгжиан. – Самарқанд IТ-саноати инкубатор биноларини қуриш лойиҳасини ҳам муваффақиятли қуриб битказамиз, деган умиддаман. Лойиҳа ишга тушгач, маҳаллий ёшларга юқори сифатли иш ўринлари яратилади, минтақавий иқтисодий тузилмани такомиллаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш рағбатлантирилади, шу билан бирга Самарқанднинг замонавийлашув жараёнига туртки бўлади.

– Ушбу лойиҳа “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган вазифалар доирасида амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Жамшид Эгамбердиев. – Лойиҳа минтақавий рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион соҳаларни шакллантириш ва ёш иқтидорли мутахассисларни тайёрлашга замин яратади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли саноат инфратузилмаси ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлар