Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси юбилей 25-сессияси доирасида биринчи ялпи мажлис давом этмоқда.
Эътиборли томони, мазкур тадбирда 140 давлатдан келган делегатлар, туризм вазирлари ва туризм маъмуриятлари раҳбарлари, шунингдек, халқаро ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган Бутунжаҳон Туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ташкилот томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб, ЮНВTO дунё давлатлари билан алоқаларни яхшилаб бораётгани ва жаҳонда туризм бозори кенгаяётганини алоҳида таъкидлади.
ЎзА мухбири анжуманда иштирок этаётган халқаро делегациялар вакилларининг форум ҳақидаги фикрларини ёзиб олди.
– Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай географик жойлашуви, сармоя жалб этиш бўйича ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Жанубий Корея ишбилармонларини ҳам қизиқтириб келмоқда, – деди Корея Республикаси Хвасун-ган шаҳри ҳокими Го Бокгё. – Шу ўринда давлатимизнинг Марказий Осиё билан савдо айланмаси миқдорининг ярмидан кўпи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келишини айтиб ўтмоқчиман. Келгусида ҳам мамлакатларимиз ўртасида энергетика, кимё, автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик кўлами янада ортади, деб ишонаман.
– Бирор мамлакат имижига баҳо берилганда, туризмдан ташқари яна бир неча жиҳатга эътибор қаратилади, – дейди Конго Демократик Республикаси Туризм бошқармаси раҳбари Никола Диампаси Кубаука. – Булар – мамлакатнинг одамлари, шу халқнинг меҳмондўстлиги, ўзига хос маданий мероси, ҳукуматнинг очиқлиги, хорижга етказилаётган маҳсулотлари сифати, яратилган сармоявий қулайликлар ва миграция шароити. Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатингиз бу масалаларга аллақачон ечим топган. Демак, Бош ассамблеянинг энг йирик анжумани айнан Самарқандда ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Тўғриси, бу юртнинг меҳмондўстлиги, замонавий инфратузилмасига ҳавас қилса арзийди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qr6Xl1Z6ucA" title="Самарқандда ЮНВТО Бош ассамблеяси йиғилиши давом этяпти" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Сессияда тузилма фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Азиз Абдуҳакимов Бош ассамблеянинг Ўзбекистондаги президенти, ЮНВTO Бош ассамблеяси вице-президенти, деб эълон қилинди. Шунингдек, сессия доирасида “Инқироз пайтида етакчилик” китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА