Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда ёшларни бирлаштирган “Чексиз имкониятлар саммити” ўтказилади
10:23 / 2023-03-07

Маълумки, ўтган асрга нисбатан сайёрамизда инсониятнинг яшаш тарзида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, инсоният цивилизацияси тарихида ҳали мутлақо кузатилмаган глобал исиш, денгиз ва ер экотизимларининг мисли кўрилмаган даражада камайиб боришию, ер юзининг турли минтақаларида қурғоқчилик, сув тошқинлари каби бир қатор салбий ҳолатлар юзага келиши кузатилмоқда.

Энг ачинарлиси табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг ортиши, давлатлар ўртасида бошланган геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда.  

Бу жараёнда эса, дунё аҳолиси келажагига бефарқ бўлмаган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг ҳамфикр бўлиб сиёсат юритиши ҳар қачонгиданда муҳим саналади. Шу боис, бугун кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам халқаро миқёсда аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш, экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда.  

Жумладан, жорий йил 2 март куни Боку шаҳрида бир қатор давлатлар етакчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг навбатдаги саммитида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилди.  

Президентимиз дастлаб, сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш билан бир қаторда, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг аянчли оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказаётгани, бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Албатта, бундай қийин ва мураккаб синовларни фақатгина биргаликда, томонлар бир-бирларини яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳолда енгиб ўтиши мумкин. Шу маънода, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдоридир.  

Юқоридаги каби ҳолатларни ўз вақтида таҳлил қилиш ва олдини олиш мақсадида Президентимиз Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий-тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф қилди ва бу институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёр эканлигимизни билдирди.  

Шунингдек, сўнгги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Ташкилот доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётгани боис, ана шундай таҳликали вазиятда Қўшилмаслик ҳаракатини терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича умумий интилишларга етакчилик қилиши лозимлиги таъкидланди.  

Йиғилишда минтақавий ва халқаро даражадаги учрашувларда Ўзбекистон томонидан доимий ташаббус қилиб келинаётган Афғонистон масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ташкилот аъзоларини афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди.  

Бундан ташқари, саммитда озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлаётганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  

Шу боис, давлатимиз раҳбари мазкур саммит каби нуфузли анжуманлар биринчи навбатда ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериши лозимлиги ҳамда ташкилот саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этди.  

Юқоридаги каби глобал шароитларда ёшларга эътиборни ҳар қачонгиданда кучайтириш нафақат уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга шу билан бирга, муаммоларни самарали ҳал этишда муҳим роль ўйнайди. Боиси, бугун глобал муаммоларни ҳал этишда интеллектуал юқори салоҳиятга эга бўлган ёш кадрлар тажрибаси муҳим саналади.  

Шунингдек, бундай ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириш аҳамияти ҳар қачонгиданда юқори бўлганлиги боис давлатимиз раҳбари ҳаракат ёшларини бирлаштирган “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш таклифини билдирди.  

 

Олтиной Мамирова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  

ЎзА