Бундай ҳолатларни камайтириш, “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури ижросини сифатли таъминлаш учун нима қилиш керак?
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ички ишлар идоралари масъулари ва депутатлар шу каби саволларга жавоб изладилар.

Вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зокир Қаюмовнинг маълум қилишича, вилоятда 2025 йилнинг 4 ойида умумий содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 тага (235/269), ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 6 тага (77/83), тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 69 тага (173/242) ошган.
– Ўлим билан боғлиқ ҳодисалар Ургут туманида 11 та, Жомбой, Оқдарё ва Тойлоқ туманларида 8 тадан, Пастдарғомда 6 та қайд этилди – деди З.Қаюмов. – Йўл-транспорт ҳодисаларининг 135 таси пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ бўлгани ғоят ташвишланарлидир. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 82 таси халқаро, 47 таси давлат, 99 таси маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида юзага келган. Ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликни ошириш, йўлнинг тоифаси ҳаракат жадаллигига мос эмаслиги ва ёритиш мосламалари тунги вақтда ишламаслиги, пиёдалар учун йўлаклар йўқлиги йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишига асосий сабаблардан бўлган.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига таъсир кўрсатган омилларни бартараф этиш бўйича Самарқанд вилояти автомобиль йўллари бош бошқармасига жорий йилнинг 4 ойи давомида 44 та тақдимнома киритилган.
Йўлларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида йил бошидан буён вилоят бўйича 1159 та янги йўл белгилари ўрнатилган ва яроқсизлари янгисига алмаштирилган, 9 та янги светофор объектларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш ишлари бажарилган.
Муҳокама жараёнида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар идоралари билан бирга жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиши, маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди идоралар томонидан йўл инфтратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилиши лозимлиги таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири