Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда йилнинг биринчи ярмида 192 мингта замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилади
17:57 / 2021-01-21

Бугунги кунда юртимизда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилояти матбуот уйида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур жараён ҳақида маълумот берилди.

– Соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар, эскича иш услуби сабаб бугун истеъмолчиларда табиий газ таъминоти юзасидан эътирозлар жуда кўп, – дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Олим Исоқулов. 

– Ўз навбатида, тўлов интизоми, табиий газдан самарали фойдаланиш борасида бизни ҳам кўп масалалар қийнайди. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 ноябрдаги ҳамда 2019 йил 9 июлда қабул қилинган қарорларида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига табиий газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш ва тўловларни тартибга солиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, тизимга илғор инновацион технологияларни жорий этиш вазифалари белгиланган. Мазкур ҳужжатларга кўра, ўтган йил иккинчи чорагидан вилоятимизда электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари бошланди. 

Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бу ишлар жадаллаштирилди. Бугунги кунга қадар, вилоятимиздаги аҳоли хонадонларига 18 минг 600 дан ортиқ газ ҳисоблагич ўрнатилиб, уларнинг 15 минг 500 га яқини онлайн БИЛЛИНГ дастурига уланди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида эса 192 487 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Март ойига қадар табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги аҳоли хонадонларига янги ҳисоблагич ўрнатиш ишлари якунига етказилади.

Албатта, бундай катта ҳажмдаги ишларни бажариш осон эмас. Шунинг учун 50 дан ортиқ газ пайвандловчи ва чилангар шартнома асосида ишга қабул қилинди. Шунингдек, 10 та пудратчи қурувчи фирмалар билан шартнома тузилди, 120 дан ортиқ ўрнатиш бригадалари ташкил этилди. Яна 350 та бригада ташкил қилиш кўзда тутилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА