English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда йил якунигача 100 минг фуқаро камбағалликдан чиқарилади
11:06 / 2024-09-25

Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 11 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокама этилди. Йил якунигача 500 минг нафар, 2025 йилда эса 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш белгиланди.

23 сентябрь куни эса Президентимиз томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳамда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Эндиликда мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш умуммиллий ҳаракатга айланиб, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади. 2024-2025 йилларда одамлар ўзини- ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилади. Шунингдек, камбағал оилаларга 30 миллион сўмликкача бўлган ускуна, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредит ажратилади.

Самарқанд вилоятида ҳам аҳолини камбағаликдан чиқариш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Маълумотларга кўра, йил бошида ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижасида 98,4 минг оила камбағал сифатида қайд этилди ва камбағаллик даражаси 10,5 фоиз қилиб белгиланган.

– Ҳудудларда камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 20 минг нафар фуқарога 337 миллиард сўм сўм имтиёзли кредит, 2,7 минг нафарига 17,4 миллиард сўм субсидия берилди, – дейди Самарқанд вилоят ҳокимлиги котибият мудири Ривожиддин Маҳқулов. –17,5 минг фуқаро касбга қайта тайёрланди, 4,1 минг нафари жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, қарийб 27 минг нафарининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 2 триллион сўм ажратилди. Камбағал оилаларга 16 минг гектар ер деҳқончилик қилиб даромад топиши учун бўлиб берилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 8 ойи якуни билан камбағал оилалар сони 77 минг 931 тани, камбағаллик даражаси 8,2 фоизни ташкил этди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” умуммиллий дастури доирасида вилоятда йил якунига қадар вилоят бўйича камида 100 минг нафар фуқарони камбағалликдан чиқариш белгилаб олинди. Бу борада шаҳар ва туманларда маҳалладаги камбағал оилалар раҳбар ва ташаббускор тадбиркорларга бўлиб берилди. Бириктирилган масъуллар аввало камбағал оила вакилларининг маданиятини, онгини ўзгартиришга, жамиятда фаол бўлишга, фарзандларини ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга яқиндан ёрдам беради. Оила доимий даромадга эга бўлиши учун касб-ҳунарга ўқитилиб доимий бандлиги таъминланишига кўмаклашилади.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида Қўшработ туманини намунали ҳудудга айлантириш мақсадида вилоят ташкилотлари, ташаббускор тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик томонидан кенг кўламли ишлар бошланди. Бугунги кунда ҳудудда камбағал оилалар 4542 тани, камбағаллик даражаси 15,2 фоизни ташкил этади. 

– Дастлабки ўрганишлар натижаси бўйича 954 та камбағал оилага масъулар бириктирилиб, бу оилаларнинг 11 минг нафарга яқин аъзосини касбга ўқитиш, 17 минг нафарга яқинини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга эга 5431 нафар фуқаронинг ички ва ташқи миграция орқали бандлигини таъминлаш, 16 минг нафардан ортиқ фуқарони ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилиш белгиланди, – дея сўзида давом этади Р.Маҳқулов. – Мисол учун, Жомбулоқ маҳалласига бириктирилган "NEW TECH SAMARQAND" МЧЖ раҳбари Беҳруз Салоҳиддинов томонидан маҳаллада сартарошхона, "Гўзаллик салони", компьютер хизматлари маркази ҳамда жунни қайта ишлаш цехи қурилади. Бу ерда 25 та камбағал оила аъзолари доимий иш ўрнига эга бўлади.

Янгиобод маҳалласига бириктирилган "SB GEOLOG" МЧЖ Янгиобод маҳалласидаги 42-мактабнинг физика ва инглиз тили ўқитувчилари билан шартнома имзолаб, 40 нафар камбағал оила фарзандларини қўшимча ўқитишни йўлга қўйди. 

Ҳар икки ойда малакали мутахассислар томонидан бу ўқувчилар синовдан ўтказиб борилади. 

Келгусида маҳаллада ўқув маркази ташкил этилиб, камбағал оилаларнинг 45 нафар ёшлари касб-ҳунарга ўқитилади. 

Чиноқ маҳалласига бириктирилган йирик тадбиркор "SXF BIG STROY BUILDING" МЧЖ раҳбари Зафар Тўраев ушбу маҳаллада битта ҚВП, битта дорихона, пойабзал устахонаси, сартарошхона ва савдо дўконлари қуриб, янги иш ўринларини яратмоқда. 

Бундан ташқари, ички миграция асосида маҳалладаги 58 нафар ишсиз фуқарони ўз корхонасига ишга олиб, 6-8 миллион сўм иш ҳақи билан таъминлаган.

Туманда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 257 миллиард сўмлик 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 515 та янги иш ўрини яратилади. 

Ташаббускор тадбиркорларнинг 585,2 миллиард сўмлик 35 та инвестиция лойиҳалари ҳисобига 1375 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Бу ишлар натижасида йил якунига бориб туманда ишсизлик даражасининг 4,2 фоизга туширилиши режалаштирилган.

Вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам бу борадаги ишлар изчил амалга оширилмоқда ва йил якуни билан ишсизлик даражасини 6,8 фоизга тушириш мўлжалланмоқда.

Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири