Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда янги автовокзал мажмуаси очилди
10:02 / 2025-08-03

Самарқанд шаҳрининг Чўпон ота ҳудудида кўп тармоқли инфратузилмага эга замонавий автовокзал мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида 4,6 гектар майдонда барпо этилган автовокзалда тадбиркор томонидан 12 миллион АҚШ долларилик қурилиш ишлари амалга оширилди.  

Янги мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А. Бобоев вилоятда аҳолига жамоат транспорти хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, автобус паркларининг янгиланаётгани ҳақида сўз юритди. Мазкур автовокзал ҳам бу борадаги ишларнинг самараси ўлароқ бунёд этилганини таъкидлади.

Бу ерда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Кенг ва ёруғ кутиш зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон табло, шунингдек, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳудуд бўйлаб эркин ҳаракатланиши учун  барча шароит мавжуд.

Янги мажмуа таркибида автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилар учун алоҳида кутиш майдонлари барпо этилган. Автотранспортни техник кўрикдан ўтказувчи механик хизмати йўлга қўйилган.  

Лойиҳа доирасида нафақат йўловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди, балки кенг кўламли хизмат кўрсатиш ва савдо майдонлари ҳам барпо этилди. Ҳудуддаги 120 та савдо дўкони, 3 та замонавий ресторан, 14 та сервис шохобчаси, 1 та автосалон, 2 та меҳмонхона шулар жумласидандир.

- Автовокзал бир вақтнинг ўзида 140 дан ортиқ автобусни қабул қилиш ва 1000 нафардан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга, - дейди Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. - Бу ердан нафақат вилоятимиз ва Самарқанд шаҳрига, балки республикамизнинг барча ҳудудларига автобус қатнови амалга оширилади. Ҳатто, Қозоғистон, Тожикистон ва Россияга ҳам қатновлар йўлга қўйилиши режалаштирилган. Мазкур мажмуанинг фойдаланишга топширилиши вилоятимизда автотранспорт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш, шаҳарлараро ва вилоятлараро қатновчи транспорт воситаларининг қатновини сезиларли даражада яхшилашга ҳисса қўшади.

Янги автовокзал ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилиши билан 300 нафар аҳоли учун доимий иш ўринлари яратилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари