Президент ташрифидан сўнг...
2021 йил апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида шаҳардаги “Zarmed pratiksha hospital group” масъулияти чекланган жамиятининг кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишган эди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган клиника иши билан яқиндан танишган давлатимиз раҳбари Самарқандда хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этиш топшириғини берган эди.
Мазкур топшириқ асосида “Zarmed xolding” компанияси томонидан Самарқанд шаҳрида умумий қиймати 5 миллион АҚШ доллари бўлган хусусий университет ташкил этилди.
Университет учун замонавий ўқув бинолари ва лабораториялар қурилиб, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Беш қаватли бинода талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг эҳтиёжлари инобатга олиниб, зарур шарт-шароит яратилган. Уларнинг ихтиёрида ўқув ва бадиий адабиётлар, жумладан, электрон кутубхоналар, лингафон лабораториялари, интерактив доскалар билан жиҳозланган “ақлли синф хоналар”, ошхона, конференция заллари мавжуд.
Янги университетда тиббиёт мутахассисликлари билан бирга архитектура, иқтисодиёт, педагогика йўналишлари бўйича ҳам мутахассислар тайёрланади. Дарслар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов янги университетда бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Университет ташкилотчиси, “Zarmed xolding” раҳбари Дилшод Шукруллаев таълим муассасаси айни пайтда талабаларни қабул қилишга тайёрлиги ва биринчи босқичда 1000 нафар ёшни қабул қилиш режалаштирилаётганини таъкидлади.
Таълим муассасаси очилиши билан 300 га яқин киши доимий иш билан таъминланади.
Тадбиркор томонидан ўтган йили Бухоро шаҳрида шундай университет фаолияти йўлга қўйилган эди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари