Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар мажмуасида “BUILD PRO EXPO–2025” қурилиш ва пардозлаш материаллари, махсус қурилиш ускуналари ҳамда техникаларининг халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Унда маҳаллий корхоналар билан бирга Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Беларусь, Россия, Озарбайжон каби ўндан ортиқ хорижий давлатдан келган 70 га яқин компания ва ишлаб чиқарувчилар 700 га яқин маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.


Кўргазманинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, вилоятда қурилиш материаллари ва ускуналари ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларга бўлган талабни қондириш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталди. Бугунги кунда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида қурилиш-пудрат ишлари 7 фоизни, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жами саноатда 8,2 фоизни ташкил этмоқда. Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар 1700 дан ортди ва улар томонидан йилига қарийб 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Мазкур кўргазмада илк бор Туркия технологияси асосида кўмир ёқилғисида тайёрланган 500-600 маркали оқ цемент тақдим этилди. Бу қурилиш хомашёси бино-иншоотларнинг ташқи қисмларига ишлов бериш, кўтарма конструкциялар, бетон плиталар қолаверса, мустаҳкам пойдевор қоришмаларида ҳам қўл келади.

5 ноябргача давом этадиган кўргазмада қурилиш соҳасидаги илмий ишланмалар, янгиликлар, инновацион ечимлар, архитектура-дизайн, замонавий шаҳарсозлик моделлари ҳам намойиш этилиши билан бирга соҳа вакиллари учун халқаро қурилиш форуми ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари