Самарқандда Туркиянинг янги бош консули иш бошлади
Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Туркиянинг Самарқанддаги янги Бош консули сифатида иш бошлаган Сердар Дениз билан учрашди.
Сердар Дениз яқинда ўз фаолиятини якунлаган собиқ Бош консул Салиҳ Жанер ўрнига тайинланган.

Учрашувда Бош консул фаолияти давомида Ўзбекистон ҳамда Туркия муносабатларини, Самарқанд ва Туркия ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшишини билдирди.

Вилоят раҳбари Адиз Бобоев янги консулнинг ишига омад тилаб, Самарқанд вилоят ҳокимлиги доимий ҳамкорликка тайёрлигини билдирди ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган истиқболли лойиҳаларга эътибор қаратди.
Учрашувда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда Бош консуллик ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири