Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтади
07:55 / 2022-11-10

Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.

Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда ушбу кўп томонлама тузилманинг котибияти раҳбарлари қатнашиши режалаштирилган.

Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва  бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган. Бу БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

Якунда Самарқанд декларацияси ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бошқа муҳим қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.