Самарқанд туманидаги Конигил, Ургутдаги Терсак, Нурободдаги Оқсой, Пайариқдаги Чоштепа, Қўшработдаги Пангат қишлоқлари номи бугун фақат шу ҳудудларда эмас, республика даражасида ва ҳатто дунё миқёсида танилмоқда.
Гап шундаки, бу аҳоли пунктлари гўзал табиати, қадимий ҳунармандчилик анъаналари, фақатгина шу ҳудудга мос аҳоли турмуш тарзи туфайли туризм қишлоқларига айлантирилгач, машҳурлиги бир неча карра ошди. Тегишли дастурлар асосида қишлоқлар инфратузилмаси яхшиланиб, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароит яратилди.
Эндиликда бу қишлоқлар қаторига Каттақўрғон туманининг Андоқсой маҳалласи ҳам қўшилмоқда.
Тоғлар этагида жойлашган ушбу маҳалланинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида аввало, қишлоққа олиб борадиган йўл ва ички йўллар таъмирланди.
[gallery-12196]
– Ўтган йили шу маҳаллада ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолият бошладим, – дейди Талант Олимов. – Хатлов ўтказилди. Дараоғзи қишлоғида 3-4 дам олиш маскани фаолият олиб бораётганлиги, аммо улар давлат рўйхатидан ўтмаганлиги аниқланди. Маҳалла фаоллари билан бирга қишлоқ аҳолисига тушунтириш ишлари олиб бордик. Натижада 5 дам олиш маскани рўйхатдан ўтиб, фаолият бошлади. Уларнинг ҳар бирига кредит олиш учун тавсиялар берилди. Масалан, тадбиркор Ваҳобиддин Турдиев 200 миллион сўмлик кредит олиш истагини билдирди. Бу маблағ эвазига у фаолиятини кенгайтириб, ўзига қарашли ҳудудда тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган ўтовлар ўрнатиш, сўрилар сотиб олиш, музқаймоқ павильони ва бассейн бунёд этишни режалаштирган. Шунингдек, ҳудудда яна 13 дам олиш маскани очилиши кўзда тутилган.
Туризм қишлоғига кираверишда жойлашган “Андоқсой ёнғоқзорлари” дам олиш маскани ўтган йил очилган.
– Болаликдан иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди тадбиркор Ваҳобиддин Турдиев. – Шундай бўлса-да рўзғор тебратиш учун икки йил хорижда ишлаб қайтдим. Осон кечмади. Қишлоққа қайтиб, бошим қотиб турганида ҳоким ёрдамчиси дам олиш масканини ташкил қилишим мумкинлигини айтди. Гузаримиз туризм қишлоғига айлантирилгани, маҳалламиздаги Абулҳасан Андоқий зиёратгоҳи обод бўлаётгани, кундан-кунга сайёҳлар сафи кенгайишини ва бизга имтиёзли кредитлар ажратилиши мумкинлигини тушунтирди. Таваккал қилиб, иш бошладим. Ишимиз ўхшади, меҳмонлар кела бошлади. Вилоятимиздан, шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларидан, ҳатто, Россия ва Туркиядан келган сайёҳларни меҳмон қилдик. Ҳудудимиздаги гўзал табиат манзараси уларда катта таассурот қолдирди. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳам бу ерда баҳордагидек мўътадил ҳаво бўлиши дам олувчиларга маъқул келмоқда.
Ҳудуддаги дам олиш масканларида шароитлар кундан кунга яхшиланаётгани келаётган сайёҳлар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда.
– Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳридан келдик, – дейди Исматилло Соннибоев. – Оиламиз билан тоғ этагида дам олиш учун ҳар йили қайсидир вилоятга бориш анъанага айланган. Бу йил Андоқсойдаги қулайликларни каттақўрғонлик қариндошларимдан эшитиб, шу ерни танладик.
Ҳақиқатдан ҳам ажойиб жой экан. Бошқа вилоятлардаги машҳур оромгоҳлардан қолишмайди.
Ҳудудда фаолият бошлаган тадбиркорлар, дам олиш масканида меҳмонларга хизмат кўрсатиш билан бир қаторда боғбончилик билан ҳам шуғулланади. Юзлаб мевали дарахтлардан олинаётган мўл ҳосил рўзғорига мўмайгина даромад келтиряпти.
Маълумотларга кўра, ўтган йил Самарқанд вилоятидаги 103 маҳаллада туризм соҳаси асосий драйвер сифатида белгиланиб, 491 хонадонда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. 5800 нафардан ортиқ аҳоли ушбу тармоқда иш билан таъминланди.
Бу йил туризм соҳаси асосий драйвер сифатида танланган маҳаллалар сони 239 тага, хонадонлар эса 1144 тага етказилади. 104 оилавий меҳмон уйи, 105 умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилади.
Хусусан, Тойлоқ туманидаги Ворсин ва Самарқанд туманидаги Янгиариқ маҳаллаларида иккита сайёҳлик мажмуаси очилади. Нуробод тумани Оқсой қишлоғида эса лойиҳа қиймати 120 миллиард сўм бўлган осма дор йўли фойдаланишга топширилади. Ургут, Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида 4 экотуризм дам олиш масканлари ташкил этиш режалаштирилган. Шу тарзда вилоятдаги туризм қишлоқлари 18 тага етказилиб, 16 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА.