French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда туристлар кўпаймоқда, Сурхондарёда-чи?
19:13 / 2024-10-21

-

Бу курраи заминда заррадирсан, эҳтимол,  

Заррада қуёш-сенда Ўзбекистон акси бор.  

Самарқанддек сулувнинг ёноғида нуқра хол,  

Бу холга қуёш хумор, ой хумор, юлдуз хумор.

Самарқанд ҳақида ёзилган бу шеърни ёддан ўқишни хуш кўраман. Кўнглим тоғдек кўтарилиб кетади. Юқоридаги бу ажойиб асарда кўҳна юрт манзаралари маҳорат билан, ўзгача меҳр билан тасвирланган. Анча вақтдан бери гўзал ва қадим жойларни томоша қилишни, юртимиз тарихини янада яхшироқ ўрганишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Ўнлаб журналистлар ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрини саёҳат қилдим. 

...Регистон майдонига келганимда оқшом чўккан эди. Одамлар гавжум. Ёшу кекса дарёдай оқиб келаётир. Айниқса, кексалар кўпчилик. Америкадан, Россиядан, Франциядан, Англиядан, Германиядан, Мўғулистондан бир неча юзлаб туристлар ташриф буюришган экан. Ҳамма шод. Қизиқишлари анча баланд. Улар билан бирга юриб, суратга ҳам тушдик.

Атрофга боқсангиз кўзлар қамашиб кетади. Турфа рангдаги ёритгичлар камалакдек жилоланар, электр чироқлари майдонга ажиб бир тароват бахш этганди. Ажиб гўзалликдан баҳра олишга ошиқаётганлар сони оз эмас.

Бу ерга келувчиларнинг кети узилмайди. Ҳатто кичкинтойларни ҳам эргаштириб олишган. Кечқурун дам олишга, қадимий шаҳардаги    жаннатмакон жойларни сайр қилишга чиққанларнинг кўпчилиги ҳаяжонда.

Ёнгинамда ўриндиқда ўтирган, маънавиятга доир нуфузли ташкилотда фаолият кўрсатаётган Аброр деган йигитга кўзим тушди. У нималарнидир ёзиш билан машғул эди. Мозийга қизиқиши зўрлигини, ҳар кеч шу ерга, аждодлар хоки ётган жойга келишни канда қилмаслигини менга аввал ҳам бир неча марта айтганди. У бироздан сўнг шахд билан ўрнидан турди-да, гурунглашаётган  шеригини Регистон майдонининг орқа тарафига олиб ўтди.

– Биласизми, бу жойнинг тескари томонида Муҳаммад Шайбонийхонга тааллуқли маскан ҳам бор. Юринг, сизни ўша ерга олиб бормоқчиман.  

Кенг майдоннинг кўзга ташланмай турган тарафига илдам юра бошладик. Регистон буёқдан янада маҳобатли кўринар, мусиқа садолари янграр, бир неча юзлаб одамлар аждодларга эҳтиромини изҳор этиш учун кўпроқ Бибихоним мақбараси ва Регистон майдонига талпинишар эди. 

Сурхондарёнинг Қизириқ туманидан саёҳатга келган Чоршанби ҳожи Қиличев деган бобо шеригига қараб турар экан, ҳаяжонини яшира олмади.

– Биз ҳамшаҳарларимиз билан Регистон майдони, хилхоналарга, аждодларимиз мақбараларига тез-тез келиб туришни одат қилганмиз. Айниқса, кечки пайт бу жойда одамлар, ҳатто чет элликлар ниҳоятда кўпайиб, кишининг юраги ҳаяжондан ҳаприқиб кетади.  

– Улуғ аждодларимиз руҳи шод бўлсин деб ишдан бўш вақтларимда шу жойга югураман, – деди Аброр. – Амир Темур, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Шайбонийхон, Ислом Каримов, Баҳодир Ялангтўш ва бошқаларга доир кўплаб қадим обидалар ҳамда мақбараларни ҳамиша зиёрат қилиб туришни, улардан завқ олишни хуш кўраман.

Саёҳат таассуротларидан ниҳоятда таъсирланган Чоршанби бобо Қиличевнинг кўзларида ёш йилтиллади. Ҳаяжонини боса олмас, ҳадеб энтикар эди. Иссиқ томчилар оқ сарғиш юзидан думалаб туша бошлади. Унинг кўнгли бузилган, нима учундир ўпкаси тўлиб кетган эди.

Бундан қирқ йиллар аввалмиди, яқин вақтгача бу жойлар хароб бўлган. Қаровсиз қолганидан чет элликлар тугул ўзимизнинг ўзбеклар ҳам камқатнов бўлиб қолишганди. Мустақилликдан сўнг сўлим ва дилтортар гўшаларга айланди. Илгари ҳатто Имом Бухорий мақбараси ҳам кўримсиз аҳволда эди. Ҳозир капитал таъмирлаш ишлари тезкорлик билан амалга оширилмоқда. Туристлар сони янада кўпайиб кетишига ишончимиз комил. Фақат улар учун шароитни ҳозиргидан кўра янада яхшилаш керак.

Ўша даврларни эслаб менинг ҳам кўзимдан ёш чиқиб кетди. Бизга ҳамроҳлик қилаётган тожикистонлик Илҳом деган ижодкор йигит Чоршанби Қиличевни ҳам имлаб чақирди. Улар гурунглашиб, саёҳатдан олган таассуротларини  бир-бирларига баҳам кўрар эдилар.

Атрофни кузата бошладим. Нариги ўриндиқда ўтирган йигит  ҳаяжонланганидан тинмай нималарнидир ёзиб олар эди. Бироздан сўнг ўша нотаниш киши  хурсанд ҳолда Аброрнинг ёнига келиб, салом берди.

– Мен асли Сурхондарёданман, – дейди ўзини Тўхтамиш дея таништирган йигит. –Курсдошим билан Регистон майдонини томоша  қилиш учун атайлаб келганимиздан ниҳоятда мамнунман. Яқинда курсдошим Мавлудахон билан турмуш қурмоқчимиз. У аввало Самарқанддаги тарихий обидалар, аждодларимизнинг хонақоҳлари, хилхоналари, мақбараларини томоша қилиб келайлик, кейин майли, тўй қиламиз, деб илтимос қилди. Бу улуғ жойлар, тарихий обидаларнинг ўтмиши ҳақида маълумотимиз кам. Озроқ, тушунча бериб юбора олмайсизларми, демоқчи эдим. Саёҳат – танга роҳат, дейишган.

Фарҳод ака иккита олий ўқув юртини битирган, бир неча йиллардан бери ҳокимликда хизмат қилаётган, ёшлиги, айниқса талабалик йиллари Регистон  майдони, Бибихоним, Амир Темур мақбарасига яқин жойларда ўтгани учун олис Сурхондарёдан келган ёшларнинг бир нечта саволларига осонгина, ҳеч қийналмасдан жавоб қайтара бошлади.

Меҳмонлар тарихий жойлар, аждодларимиз ўтмишига доир факт ва рақамлар билан танишгач, қувонганидан қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.

– Ўзбек халқи дунёдаги энг бахтли миллатлардан. Юртимизда қанчадан қанча осори-атиқалар, мақбаралар, хонақоҳлар бор. Нақшбандий, Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Фарғоний, Имом Термизий. Санаб адоғига етиб бўлмайди. Хорижий юртлардан миллионлаб сайёҳлар келиб ҳайратдан ёқа ушлаётганликларини ўз кўзим билан кўрганман. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевга раҳмат. Президентимизнинг ташаббуси билан бу ерлар таниб бўлмас даражада ўзгариб, минглаб одамларнинг зиёрат жойига, ҳатто дам олиш масканига, кўриб завқ оладиган гўшасига айланди, – деди Фарҳод ака Назаров қувончини яшира олмай.  

Регистон майдонига ҳаяжонланиб, суқланиб боқдим. Тун ярим бўлишига сал қолган бўлса-да, минглаб одамлар ҳайратларидан бенасиб бўлишни истамас, бу афсонавий масканни тарк этишга ошиқмас эдилар.

Ҳамроҳларим – таниқли журналистлар Шуҳрат Жабборов, Беккул Эгамқулов ва газета, радио, телевидениеда ишлаган бошқа ўнлаб ҳамкасблар билан ҳатто “Samarqand City”ни ҳам томоша қилдик. Кузатишларим туфайли шу нарсани яхши англадимки, тарихий жойларни саёҳат қилаётганлар орасида чет элликлар ҳам жуда кўп эди.

Бундан бир неча ойлар аввал Сурхондарёдаги Сангардак қишлоғига саёҳат қилганимни эсладим. Машҳур шаршарани мазза қилиб томоша қилдик. Тоғ ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдик. Республикамизнинг турли бурчакларидан келган юзлаб кишилар хурсандчилигидан қийқиришарди.

Шундан кейин тоғ йўлларидан юқорига кўтарила бошладик. Бир қисмига асфальт ётқизилган экан. Йўллар ҳали унчалик теп-текис эмаслигини кўриб ободонлаштириш ишлари давом этаётганига амин бўлдик...  

Уч-тўрт кун Бойсундаги Омонхона соғломлаштириш масканида бўлганимизда талай муаммолар ҳам борлигига амин бўлдик. Табиийки, ҳаммаям бу ердаги санаторийга йўлланма олиб кела олмайди. Турли вилоятлардан келиб, соғлиғини тиклашни мақсад қилганлар ижарада туришади. Бироқ, бу ерда аксарият уйларда шароит кўнгилдагидек эмас. Эҳтимол, яна бир нечта меҳмонхоналар қуриш керакдир?      

Аммо негадир Сурхондарёнинг бу каби жойларида – Сангардак шаршараси билан Омонхона даволаниш масканида Самарқанддаги сингари юзлаб чет эллик туристларни учратмадик. Сабаби нимада, дея ўйландик.  

Аслини олганда қаердаки ташвиқот, тарғибот яхши бўлса, хорижликлар ҳам қизиқиб қолиб, тобора кўпроқ келаверади. Самарқанд саёҳатидан қайтар эканмиз, юртимизнинг юзлаб гўзал гўшаларини иложи борича тинмай реклама қилишимиз кераклигини ўйладим. Шундагина қадим Сурхондарё ҳам Самарқанд ёки Бухоро сингари туризм туфайли миллионлаб доллар фойда олиши мумкинлигини яна бир карра ҳис этдим.  

Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири