Самарқанд вилояти туризм бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан туманлардаги туристик рекреацион зоналар, уларда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар ўрганилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорида Нуробод тумани Нурбулоқ шаҳарчасини мастер режа асосида йил давомида узлуксиз хизмат кўрсатувчи “курорт” шаҳарчага айлантириш учун инфратузилмани барпо этишга 32 миллиард сўм, Самарқанд туманидаги “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик рекреацион зонаси ҳудудларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 14,3 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган.

Бундан ташқари, Ургут туманининг Зарафшон тоғ тизмасида жойлашган “Қортоғ” зонасида, Нуробод туманининг Меҳнат қишлоғи ҳамда “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи ҳудудларида туристик-рекреацион зона ташкил этиш чоралари кўрилади.

Масъуллар Самарқанд туманида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор инвестицион лойиҳалар билан танишди. Жумладан, “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик рекреацион зонаси ҳудудлари инфратузилмасини яратиш борасидаги ишлар ўрганилди. Айни пайтда мазкур ҳудуддаги ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилиб, ташаббускорлар томонидан харид қилинган ва амалга ошириладиган лойиҳалар тасдиқланган. Аксарият лойиҳалар бўйича ишлар бошланган. Инфратузилма билан боғлиқ масалалар ечилгач, лойиҳалар босқичма-босқич ишга туширилади ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш бошланади.

Тадбиркор ва инвесторлар билан суҳбат давомида лойиҳаларни амалга оширишда хориж тажрибасидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга маҳаллий шарт-шароит ва имкониятларни ҳам ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди. Чунки, мазкур туристик рекреацион зона яқин йилларда вилоятнинг муҳим сайёҳлик масканларидан бирига айланади. Бу ерда бунёд этилаётган меҳмонхона мажмуалари, оилавий дам олиш масканлари, спорт, кўнгилочар объектлар йил давомида фаолият кўрсатади ва сайёҳларни қабул қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири