7 апрель — Халқаро саломатлик куни муносабати билан республикамиз бўйлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Саломатлик сайллари” ойлиги доирасида илк тадбир Самарқанд шаҳрида ўтказилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор беморларни ҳудудларнинг ўзида юқори технологик муолажаларни ўтказиш орқали соғломлаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларига риоя қилиш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, касалликлар профилактикасини ташкил этиш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш бўйича оммавий тарғибот тадбирларини ўтказиш ва индивидуал маслаҳатлар беришни ташкиллаштириш мақсадида ўтказилган акция Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 2-оилавий поликлиникада ташкил этилди.
– “Саломатлик сайли”да йигирмадан ортиқ мутахассислик бўйича республика ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг малакали шифокорлари, шунингдек, вилоят тиббий муассасаларининг етук мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Тадбир доирасида шаҳримиздаги мавжуд оилавий поликлиникаларда рўйхатда турган беморлар, ёши улуғ кексалар алоҳида эътибор билан тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Шунингдек, ёш болали оналар, уларнинг фарзандлари чуқурлаштирилган кўрикларга жалб қилинган. Умуман олганда саломатлик сайлида шаҳримиз бўйича 2 минг нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикка жалб қилинди. Акция доирасида кўчма хасталик аниқланган беморларга шифокорларнинг кўрсатмалари билан “Соғлом авлод учун” халқаро жамоат фонди томонидан кўзойнаклар, 12 турдаги дори-дармон воситалари бепул тарқатилди.
– Бугун малакали шифокорлар келиб тиббий кўрик ўтказиши ҳақида оилавий ҳамширамиз хабар берган эди, – дейди Самарқанд шаҳридаги Қўшбаққолли маҳалласида яшовчи Садорат Рофиева. – Ёшим ўтган сари кўзлари хиралашиб, кўришда қийинчиликлар туғиляпти. Шифокорлар зарур муолажаларни белгилаб, кўзойнак тақишимни айтишди. Шу ернинг ўзида бепул кўзойнак, дори-дармонлар беришди. Бизни саломатлигимизни ўйлаб, ушбу тадбирни ташкил этганларга раҳмат.
[gallery-11198]
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ушбу акция вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилиши белгиланган бўлиб, режага мувофиқ 24 апрелга қадар давом этади. “Саломатлик сайллари” доирасида фақатгина тиббий кўриклар эмас, оммавий спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА