Самарқандда шу пайтгача миллий таомлар фестивали, нон, анжир, қовун ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазма-савдолари ўтказилган, шу муносабат билан сайиллар ташкил этилган эди.
“Помидор сайли” эса вилоятда илк бор ўтказилди. Тадбир ўтказиш учун танланган жой -- Булунғур тумани Фозил Йўлдош маҳалласида аҳолининг асосий даромад манбаи помидордан. Фермер хўжаликлари, томорқаларда ҳам асосан помидор етиштирилади. Бу маҳсулот республикамизнинг турли ҳудудларига, ҳатто хорижга ҳам шу ердан юборилади.
– Мақсад – аввало, вилоятимизда помидор етиштиришни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ва тадбиркорларнинг шу деҳқончилик ортидан яна ҳам кўпроқ даромад топишларига эришиш ҳамда мазкур тадбирни вилоятимиз агротуризмнинг муҳим йўналишларидан бирига айлантириш, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Бу ерда фақатгина Фозил Йўлдош маҳалласи ёки Булунғур туманидангина эмас, вилоятимизнинг барча туманларидан деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлик субъектлари келган. Улар ўз маҳсулотларини намойиш этаётган, ўзаро тажриба алмашаётган бўлса, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар помидорнинг серҳосил ва харидоргир, саноатбоп ва экспорт қилишга мос навлари ҳақида маълумот бермоқда. Вилоятимиздаги саноат корхоналари эса помидорни қайта ишлаб тайёрлаётган маҳсулотлари кўргазма- савдосини ўтказяпти. Жараёнда фермерлар, тадбиркорлик субъектлари ўртасида шартномалар имзоланмоқда.
[gallery-19279]
Сайил давомида вилоят ва туман ҳокимликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига масъуллар ҳар бир ҳудуднинг кўргазмаси билан яқиндан танишди, ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Булунғурнинг “Чавқи” фольклор этнографик ансамбли ва бошқа туман, шаҳарлардан келган бадиий жамоалар, театрлар вакиллари ўз дастурларини намойиш этди. Шунингдек, самарқандлик ва пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури уюштирилди.
“Помидор сайли” доирасида “Энг яхши безатилган павильон”, “Энг намунали томорқачи”, “Энг намунали фермер”, “Энг яхши қайта ишловчи ташкилот” каби йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Сайил давомида IТ марказ, электрон кутубхона, ҳунармандлар маскани, “Маҳалла сервис компанияси”ни ўз ичига олган Фозил Йўлдош маҳалласининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари