Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда Ўзбек-фин педагогика институти ташкил этилиши мумкин
10:49 / 2021-04-13

Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйган Финляндиянинг бир қатор компания вакиллари айни кунларда таълим соҳаси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатимизда бўлиб турибди.

Мазкур ташриф доирасида Финляндиянинг “FinEst Bay Area” компанияси асосчиси Питер Вестербака, «Finest Future» компанияси ҳаммуассиси Туомас Тииликайнен, «Edunation Finland» компанияси ҳаммуассиси Ҳарри Суоминен, «Skillgrower» компанияси асосчиси Паси Савола ва «PK Safety and Rescue» компанияси бош директори Пертти Кортеярви ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева иштирокида учрашув бўлиб ўтди.  

Учрашувда таълим тизимида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, муҳокамалар давомида Самарқанд вилоятида педагогика соҳасини такомиллаштириш ва етук кадрларни тайёрлаш бўйича Самарқанд давлат университети қошида Ўзбек–фин педагогика институтини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди.

Ҳамкорликнинг дастлабки босқичи сифатида Финляндия олий педагогик таълим тизимида амалда бўлган ўқув дастурларидан фойдаланишни йўлга қўйиш таклиф қилинди.  

Шунингдек, Финляндиянинг нуфузли ОТМларида СамДУ учун юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилиш ва СамДУда ташкил қилинаётган «Муҳандислик физикаси» институти билан сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.  

Финляндиялик инвесторлардан иборат делегация вилоятдаги «Ипак йўли» туризмни ривожлантириш халқаро университети мутасаддилари билан ҳам музокаралар ўтказди. Унда Финляндия олий таълим муассасалари билан талабалар алмашинуви бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.  

Қайд этиш жоизки, Финляндиянинг йирик компаниялари раҳбарлари ва вакилларидан иборат делегация Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳам бўлиб, Финляндияда профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун стажировкалар ташкил этиш ҳамда талабалар, тадқиқотчилар ва профессорлар учун қўшма таълим ва алмашинув дастурларини амалга ошириш бўйича меморандумлар имзолаганди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА