Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда "Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари" бўлиб ўтди
15:14 / 2022-10-29

Ўзбекистонда ўтказилган "Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари" доирасида Самарқанд шаҳридаги Ёшлар саройида ҳам тантанали тадбир ташкил этилди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази томонидан икки мамлакат Маданият вазирликлари, Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси ва ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган анжуман Тошкент шаҳри билан бирга Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятларини ҳам қамраб олди.

Фан, маданият, таълим ходимлари, озар элидан келган меҳмонлар, университет талабалари, маҳаллий озарбайжонлар иштирок этган маросимда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов халқларимиз ўртасида шаклланган тарихий, маданий ва иқтисодий соҳалардаги алоқаларга тўхталди. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрини ҳам зиёрат қилганини, вилоят расмийларининг Габала шаҳрига ташрифи давомида уюштирилган самарали учрашувларни мамнуният билан эслади. Озарбайжон - Ўзбекистон ҳудудлари ҳамкорлиги кенгайиб бораётганини эътироф этди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов эса икки мамлакатнинг олий даражадаги муносабати, маданий алоқаси, хусусан ўтказилган маданият кунлари ҳақида гапирди. Ўзбекистоннинг, туркий дунёнинг гўзал шаҳри, Шарқ дурдонаси, Амир Темур салтанати пойтахти, тарихий Буюк Ипак йўлида жойлашган Самарқанд шаҳри қардош Озарбайжоннинг Ганжа, Шамахи, Боку сингари қатор шаҳарлари билан изчил муносабат ўрнатган бўлиб, ўзаро иқтисодий, тижорий ва маданий алоқалар юксалиб бораётганини қайд этди.

Дипломат озарбайжонлар Самарқанд шаҳри маданий ҳаётида доимий равишда фаол иштирок этишини таъкидлаб, ХХ аср бошларида Самарқандда яшаб ижод қилган машҳур педагог, таржимон ва ношир Сайид Ризо Ализода Туркистонда ёшларни ўқитиш, илм-фан ва таълимни ривожлантиришдаги ноёб хизматини ёдга олди.

Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева халқларимиз ўртасида барча соҳалар, жумладан, маданият йўналишидаги алоқа юксак даражада эканидан фахрланишини айтди.

Депутат Самарқанд шаҳрининг туркий дунё учун алоҳида аҳамиятини таъкидлаб, Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари саммити келаси ой шу шаҳарда ўтказилишини эслатди.


Вилоятдаги Озарбайжон диаспораси ташкилоти раҳбари Адил оға Мирзоев Самарқандда шундай ажойиб тадбир ўтказилиши муҳим воқелик эканини билдирди.

Анжуман доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон миллий каштачилиги, ҳунармандлиги намуналари акс этган миллий либослар тўплами намойиш этилди. Кўргазмада турфа ранг, миллий нақшинкор шакллар билан бойитилган ғайриоддий кашталар, қўлда ишланган нафис маҳсулотлар тақдим қилинди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА