Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 492 минг 700 дан ортиқ автомототранспорт воситаси, жумладан, 437 мингта енгил автомобил рўйхатга олинган. Бу тўрт миллиондан ортиқ вилоят аҳолиси учун кам эмас ва рақам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу билан бирга йўллардаги тирбандлик ҳам тобора кучаймоқда. Аҳоли нуфусининг ошиши, шахсий улов сотиб олиш имкониятлари кенгайиб бораётгани ва бошқа омиллар ҳисобга олиниб, йўлларни кенгайтириш ҳамда янги йўллар, кўприклар қуриш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунга қарамай йўл транспорт ҳодисалари кўп учрамоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зокир Қаюмовнинг маълум қилишича, 2023 йилда вилоят бўйича жами 1151 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.
– Бу рақам 2022 йилга нисбатан 3 тага (1154-1151), ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 13 тага (278-265) камайган бўлса-да, бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг биттаси ҳам кўп, – дейди З.Қаюмов. – Чунки бунинг оқибатида 329 киши вафот этган, 974 киши жароҳатланган. Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳам 2022 йилга нисбатан 35 тага (233-198), уларда ҳалок бўлган болалар сони 21 тага (52-31), тан жароҳати олганлар 24 тага (193-169) камайди. Аммо шундай ҳолат юзага келмаса, 21 нафар бола бевақт вафот этмасдику?!
Таҳлилларга кўра, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 172 таси белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 103 таси транспорт воситаси бошқарувида ухлаб қолиш, 95 таси пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермаслик, 89 таси пиёдаларнинг қоидабузарликлари, 66 таси светофор ва йўл белгиларига амал қилмаслик ва 56 таси маст ҳолда машина бошқариш оқибатида келиб чиққан. Кўп ҳолларда йўл-транспорт ҳодисалари ҳафтанинг дам олиш кунларига тўғри келмоқда.
Албатта, профилактика тадбирларида ва йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил давомида тизим ходимлари томонидан 289 минг 413 та қоидабузарлик қайд этилиб, 232 минг 139 та маъмурий баённома бўйича ҳуқуқбузарлардан 67 миллиард 212 миллион сўм жарима ундирилди. Бу қоидабузарликларнинг 127 минг 625 тасини қўпол қоидабузарликлар, 4218 тасини маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, 16499 тасини пиёдалар қоидабузарликлари ташкил этди.
Тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида “Atlas Internasional” компаниясига тегишли, тезликни ўлчовчи мосламалар ўрнатилган 10 та автомашина имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Улар ёрдамида ўтган йил 690 минг 592 та қоидабузарлик аниқланиб, қоидабузарлардан 129 миллиарнд 684 миллион сўм миқдорида жарима ундирилди. Муҳими, тезликни ошириш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари аввалги йилга нисбатан 19 фоизга камайди.
Бундан ташқари, йўлларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида 3111 дона етишмайдиган йўл белгиси ўрнатилди, 102,4 километр пиёдалар йўлаги ва шунча масофада велосипед йўлаги ташкил этилди. 53 та жойда сунъий нотекислик яратилди, 24 та янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди, 41 жойда светофор ўрнатилди.
Яна бир эътиборли томони, йўлларни сақлаш қоидаларини бузган ҳамда йўлларнинг қатнов қисмида таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида вақтинчалик йўл белгилари ва тўсиқлар ўрнатиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаганлиги учун 27 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Бу чора-тадбирлар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул идора ва ходимларининг хизмат вазифаси. Лекин уйдан кўчага чиққан ҳар бир шахс, у хоҳ пиёда, хоҳ уловда бўлсин, йўл ҳаракати иштирокчиси ҳисобланар экан, белгиланган қоидаларга риоя этса, ўз мажбуриятларини бажарса, ҳар биримиз манзилимизга эсон-омон етиб оламиз.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири