French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда “Осиё дунёси” туризм кўчаси ташкил этилади
19:02 / 2026-01-14

Самарқанд шаҳрининг Ибн Холдун кўчасини “Asian World” (Осиё дунёси) туризм кўчасига айлантириш бўйича амалий ишлар бошланди.

Шаҳар туристик инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлар учун янги ва жозибадор маскан яратиш ҳамда Самарқанднинг халқаро туризм имижини янада мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа бўйича ушбу кўча Осиё давлатларига хос ягона меъморий ва дизайн концепсияси асосида қайта ташкил этилади.  

Жумладан, пиёдалар йўлаклари, ташқи ёритиш тизими, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, дам олиш зоналари ҳамда кўча безаклари Осиё мамлакатларининг миллий услублари уйғунлигида замонавий ечимлар билан жиҳозланади. Шунингдек, кўчада туризм ахборот воситалари, йўналтирувчи белгилар ва фото зоналар ташкил этилиши кўзда тутилган.

“Asian World”да Осиёнинг турли давлатлари маданияти, миллий таомлари, ҳунармандчилиги ва анъаналари ўз аксини топади. Бу эса нафақат хорижлик сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам янги маданий ва сайёҳлик муҳитини яратишга хизмат қилади.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳамда вилоят туризм бошқармаси масъуллари шаҳардаги “Asian World” сингари ва 24/7 тизимида фаолият юритувчи  гастрономик туризм кўчаларини ташкил этиш, уларда сайёҳлар учун хавфсиз ва халақаро талабларга мос шароит яратиш масалаларини муҳокама қилди.  

Муҳокама жараёнида Самарқанд шаҳридаги танлаб олинган истиқболли кўчаларни замонавий дизайн ва ягона консепция асосида қайта таъмирлаш , миллий ва халқаро ошхона йўналишидаги умумий овқатланиш шохобчаларини жойлаштириш, санитария ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, кўчаларда кечаю кундуз фаолият юритувчи гастрономик объектлар, дам олиш зоналари, ёритиш ва навигация тизимларини жорий этиш таклифлари билдирилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорида ҳам Самарқанд шаҳридаги 6 та аҳоли гавжум кўчада савдо-сервис, гастрономик ва туризм хизматларини кенг жорий этиш учун қулай муҳит ва инфратузилма мавжудлиги қайд этилиб, бундан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари белгланган. Шунингдек, шаҳар марказидан ўтган Чашма канали атрофида соҳилбўйи масканлари ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири