Самарқанд вилояти адлия бошқармасининг жорий йил биринчи ярим йилликдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи С.Нуриев бу ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, вилоят адлия бошқармаси ва туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан Самарқанд вилояти ҳамда туман, шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 109 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, 6 та қарор лойиҳаси рад қилинди.
“E-qaror” электрон тизими орқали Самарқанд вилояти ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ҳозирги кунга қадар жами 15505 та қарор, фармойиш ҳам Кенгаш қарорлари қабул қилинди. Мазкур тизим орқали қабул қилинаётган қарор ва фармойишларни мониторинг қилиб бориш жараёнида 148 та ноқонуний қарор қабул қилинганлиги аниқланди. Ушбу қарорларни бекор қилиш ёки мувофиқлаштириш мақсадида туман, шаҳар ҳокимликларига 16 та тақдимнома, 5 та огоҳнома ҳамда 2 та даъво аризалари киритилган ва 78 та ҳоким қарори, фармойиши бекор қилинган.
Ўтган давр мобайнида бошқарма томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 4849 та мурожаатнинг 2591 таси қаноатлантирилган, 1639 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган. Ҳисобот даврида жами 48 маротаба сайёр қабуллар ташкил этилиб, сайёр ва шахсий қабуллар давомида 473 та мурожаатлар қабул қилинган.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА