Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан аҳоли ва хизматлар ўртасида самарали ҳамкорликни ташкил этиш учун янги интерактив хизмат http://samxalqnazorati.uz тизими жорий этилди.
Шаҳар ва туманлар инфратузилмаси, давлат хизматларининг ҳолати ва бошқа масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш, хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятига баҳо бериш мақсадида яратилган мазкур тизим “Менинг уйим”, “Менинг йўлим”, “Савдо-сотиқ ва озиқ-овқат”, “Жамоат жойи” ва “Жамоат транспорти” бўлимлари орқали 73 тоифадаги муаммоларни билдиришга имкон беради.
Тизим фойдаланувчиси ушбу бўлимлардан фойдаланган ҳолда муаммосини билдириши билан муаммо тоифасига ва ҳудуддан келиб чиққан ҳолда автоматик равишда масъул ижрочилар белгиланади. Платформа муаммоларни саралайди ва масъул идоранинг шахсий кабинетига 10 сония ичида йўналтиради. Шунингдек, муаммо қайд этилганлиги ва ижросига масъул белгиланганлиги ҳақида корхонанинг биринчи раҳбарига смс ва телеграм мессенжери орқали хабар юборилади. Эътиборли томони, тизимда билдирилган муаммо ёки масалани ҳокимлик ёки бошқа ташкилот назоратдан чиқармайди, қачонки муаммо ҳал этилса, уни фуқаронинг ўзи назоратдан олиши мумкин. Бу ҳақда тизимнинг ўзи муаллиф билан смс хабардорликни таъминлайди. Ижро ҳолати ҳақида хабар беради.
Бугун ҳокимлик соатида вилоят ҳокими Э.Турдимов янги платфорама ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– 23 декабрь соат 18.30 дан ишга туширилган тизимга уч кун давомида хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тезкор ҳаракат қилмаётганлиги, ўз вазифаларини сидқидилдан бажармай, аҳолига қулайлик яратишни пайсалга солинаётганлиги юзасидан аҳоли томонидан 322 та мурожаат йўлланди, – деди Э.Турдимов. – Бугунги кунгача масъуллар ушбу мурожаатларнинг атиги 15 таси бажарилганлигини қайд этиб маълумот юклашган. Шу ўринда менда битта савол пайдо бўлмоқда – нега масъуллар битта очиқ қолган “люк”ни ёпиши ёки симлари эрий бошлаган щитнинг 50 метр кабелини ёки битта лампани алмаштиришни 5 кунда бажаришлари керак. Бу ишлар уларнинг кунлик вазифаси эмасми? Булунғур тумани Янгиқўрғон маҳалласи фуқаролари томонидан электр таъминотидаги узилиш, 5 кун давомида электр йўқлигини билдириб юборган 15 дан ортиқ мурожаатга тезкор ечим қилинмаган? Хизмат кўрсатувчи корхоналар фуқаролар томонидан билдирилаётган эътироз ва муаммоларга тезкор ечим топиш мақсадида 4-5 тадан мобил гуруҳлар ташкил этиб, муаммо билдирилгандан 5 соат ичида ҳал қилиш механизмини яратиши керак. Энг кўп муаммо билдирилган маҳаллалар рўйхатини тузамиз ва ўша ҳудудга ўзим бошчилигимда гуруҳ бориб муаммоларни жойида ҳал этиш тизимига ўткамиз.
Э.Турдимов вилоятдаги барча мурожаатларга тезкор ечим топиш, байрам олдидан халқимизнинг кайфиятини кўтариш мақсадида долзарб уч кунлик эълон қилди. Биринчи навбатда бугун соат 07.00 ҳолатида туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ва туман корхоналари томонидан ижро муддати кечиктирилаётган 786 та мурожаатга ечим топилиши таъкидланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА.