Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида янги туғилган икки чақалоқда ноёб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди.
– Спина бифида - ҳомила умуртқа поғонасининг емирилиши натижасида туғма нуқсонларнинг юзага келиши билан белгиланадиган туғма хасталик, – дейди филиал раҳбари Лола Ҳамроева. – Бу нуқсонни чақалоқ туғилган илк кунларда жарроҳлик йўли билан бартараф этиш мумкин. Шу пайтгача мамлакатимизда бундай жарроҳлик амалга оширилмаган эди ва биз бу ишни туркиялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда муваффақиятли бажардик.
Филиалда туркиялик врачлар билан ҳамкорликда турли йўналишларда аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ҳам ўтказилди.
Янги йил байрами арафасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалининг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган янги биноси фойдаланишга топширилган эди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири