Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг янги ўқув биноси шундай кўринишда бунёд этилди.
Тўрт қаватдан иборат бино қурилишида замонавий ва шарқано меъморчилик анъаналари уйғунлаштирилган. Бу ерда 1200 нафар талабага замонавий компьютер технологияларини ўргатиш имконияти яратилган.

– Факультетда ахборот технологиялари, сунъий интеллект, амалий математика йўналишларида бакалавр, магистр, докторантлар тайёрлаш учун барча шароит яратилган, – дейди Самарқанд давлат университети интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети декани Файзулла Назаров. – Бино рамзий маънода Мирзо Улуғбек бобомизнинг расадхонасига қиёсланган. Ўқув хоналари, кутубхона ҳамда илмий-амалий лабораторияларда ўқитувчи ва тадқиқотчилар учун барча шароит мавжуд. 2025-2026 ўқув йилидан ушбу замонавий бинода минг нафар талабамиз ўқишни бошлайди.

Президентимизнинг 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришиш вазифаси белгиланган. Шундан келиб чиқиб, факультетда сунъий интеллект илмий лабораторияси ташкил этилган бўлиб, талабалар ва ёш тадқиқотчилар ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилишга қаратилган илмий ишланмалар ва янги лойиҳалар устида иш олиб боради. Шунингдек, киберхавфсизлик, математик моделлаштириш, робототехника лабораториялари ҳам мавжуд.

Бинонинг очилиш маросимида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов сўзга чиқиб, профессор-ўқитувчиларни янги ўқув йили билан қутлади. Юртимиз олий таълим тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.


Шу ерда рамзий тугма босилиб, Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда янги ўқув йили муносабати билан республикамиздаги 18 та олий таълим муассасасида қарийб 10 минг ўринли талабалар тураржойлари ҳамда ўқув бинолари очилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари