Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади
16:13 / 2022-09-09

ШҲТнинг Самарқанд саммити олдидан

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг раҳбарлари Кенгашига тайёргарлик ишлари якунланиб қолди. 

Саммитда ШҲТга аъзо давлатлар  раҳбарлари, кузатувчи давлат вакиллари ва меҳмонларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Абдусамат ҲАЙДАРОВдан  ШҲТ, унинг тарихи, ташкил этилиши ва жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ҳақида сўзлаб беришини  илтимос қилдик. 

– Абдусамат Ахатович, даставвал  мазкур ташкилотнинг асосий вазифаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– ШҲТни ташкил этиш тарихи йигирманчи асрнинг 60-йиллари бошларига, яъни Хитой Халқ Республикаси  ва Совет Иттифоқи ўртасида чегара масалалари бўйича музокаралар олиб борилган даврга бориб тақалади. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиши муносабати билан Совет – Хитой чегараси Хитой ва тўртта янги суверен давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва  Россия чегарасига айланади.

1992-1996 йилларда давлатлар ўзаро қизғин музокаралар олиб боришди. Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия  давлатлари раҳбарлари томонидан “Шанхай Декларацияси” деб танилган “Чегара ҳудудида ҳарбий соҳада ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартнома” 1996 йилда Шанхайда имзоланиши билан ташкилотга асос солинади.

Мазкур йиғилишда ҳар йили ушбу  мамлакатларнинг учрашувини ўтказиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бу учрашув, шунингдек, “Шанхай бешлиги” деб ном олди.  Ташкилотнинг  асосий мақсади ушбу республикалар ва Хитой чегарасида барқарорликни таъминлашга қаратилган.

– Ўзбекистон бу ташкилотга қачон аъзо бўлиб кирган?

– 2000 йилда “бешлик” давлатлари раҳбарлари Ўзбекистонни мазкур ташкилотга таклиф этишди ва шу йили мамлакатимиз илк бор Шанхай форумида иштирок этди.

2001 йилда Ўзбекистон “бешлик”ка қўшилганидан сўнг олтита давлат  етакчилари  Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисида Декларация қабул қиладилар. ШҲТ  ташкил этилганидан бошлаб қисқа  вақт ичида сиёсий, иқтисодий тизими, тараққиёт андозалари турфа бўлган мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос ташкилотга айланади. Бугунги кунда ШҲТ БМТдан кейинги энг йирик ташкилот бўлиб, унинг фаолияти кенг Евроосиё маконида барқарорликни таъминлаш, янги таҳдидларга биргаликда қарши туриш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги демократик, адолатли, сиёсий ва иқтисодий халқаро тартибни қуришга кўмаклашишга қаратилган.

– Ўшандан буён 20 йилдан ортиқ вақт ўтди, ШҲТ қачондан бошлаб кенгая бошлади?

– Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам, Евроосиёдаги қатор давлатларнинг қизиқишини орттирган ШҲТнинг нуфузи ҳам ошди. 2015 йилда ШҲТ таркибига Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёни бошланди. 2017 йилда Жанубий Осиёнинг мазкур энг йирик икки давлати  ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлишди. 2021 йилнинг сентябрь ойида ШҲТ давлат раҳбарлари Эрон Ислом Республикасини тўлақонли аъзо сифатида  қабул қилиш таклифини маъқуллашди.

ШҲТнинг Самарқанд саммитида Эрон ташкилотнинг тўлақонли аъзолигига қабул қилинади. Ташкилотнинг бундай кенгайиши ШҲТнинг халқаро нуфузи ва эътирофини тубдан ошириш имконини беради.

Ҳозирги кунда Беларусни ташкилотга аъзо бўлиш учун берган аризасини кўриб чиқиш жараёни бошланди. Бундан ташқари, Миср, Саудия Арабистони ва Қатарга ШҲТ мулоқотида шериклик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар  тайёрланган.

Шунингдек, Самарқандда Баҳрейн ва Мальдив оролларига  мулоқот бўйича шериклик ҳамда Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва  Непалга кузатувчи мақомларини бериш жараёнларини бошлаш масалалари кўриб чиқилади.

Бугунги кунда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг умумий майдони Евроосиё ҳудудининг қарийб 60 фоизини ташкил этади. Ташкилот давлатларининг умумий аҳолиси  сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмига тенг. Дунё ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмидан кўпроғи ШҲТ мамлакатларига тўғри келади.

– Абдусамат Ахатович, айтингчи, саммит ишида қандай  асосий масалалар кўриб чиқилади?

– ШҲТнинг Ўзбекистон раислигида ўтадиган  Самарқанд саммитида энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар кўриб чиқилиши режалаштирилган бўлиб, аъзо мамлакатларнинг нуқтаи назарлари  декларацияда ифодаланади.

Шу билан бирга, амалий ҳамкорликни янада такомиллаштириш, минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш, маданий мулоқотни  кенгайтириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб олинади.

Давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида Узоқ муддатли  яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича Комплекс режа, Транспорт боғлиқлиги концепцияси,  Саноат кооперацияси дастури каби муҳим ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши кутилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ШҲТ ҳарбий блок ҳисобланмайди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норов айтганидек, ташкилот фаолияти халқаро муаммоларни ҳал этишда “блокли ва қарама-қарши ёндашувлар”ни  истисно қилади. Яна қайд этиш жоизки,  ШҲТ фаолияти ҳар қандай давлат ва ташкилотларнинг гуруҳлари билан қарама-қаршиликни истисно қилган ҳолда, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришга  қаратилмоғи керак.

Бугун биз халқаро муносабатларнинг глобал қайта қуриш жараёнлари, беқарорлик ва иқтисодий ноаниқлик омилларининг кучайиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу эса ШҲТга аъзо барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этади.

Шу боис, ШҲТ мулоқот ва ҳамкорликни изчил ва фаол давом эттирмоқда, БМТ Низомидаги мақсад  ва тамойилларга қатъий риоя этиш тарафдоридир.

– Афғон муаммоси бугун ҳам долзарб. Сизнингча, саммитда бу масала ҳам кўриб чиқиладими?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир неча бор қайд этганидек,  ШҲТ маконида хавфсизликни таъминлашнинг муҳим бўғини Марказий Осиёда барқарор ва мустаҳкам ривожланишни таъминлашдир. Шу боис, фақат ҳамкорликкина умумий маконимизни барқарорлик ва тараққиёт ҳудудига айлантиришнинг тўғри ечими бўлиши мумкин.

Бироқ, 40 йилдан ортиқ қирғинбарот давом этаётган Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига кўмаклашмасдан туриб, бу мақсадга эришиш имконсиздир.

Ишонаманки, бу муаммо Ўзбекистон  раҳбарининг доимо диққат марказида бўлиб турибди. Сўнгги йилларда учта йирик халқаро форум ўтказилгани бу фикримни тасдиқлайди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида “Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас”, деган эди. Ўзбекистон ўз тарихининг оғир босқичини бошидан кечираётган афғон халқига ҳар доим ёрдам бериб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.

Бугун расмий Тошкент афғон халқига гуманитар  ёрдам кўрсатиш билан бирга, “Мозори – Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўл қурилиши, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиялари лойиҳаларини амалга ошириш  ташаббуси билан чиқмоқда. Бу лойиҳалар мамлакат иқтисодиётини  тиклашга ҳисса қўшиши, шубҳасиз. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатдаги бошқа режаларни бошлашга ҳам  кучли туртки бўлади.

Бу борада ШҲТда ҳали фойдаланилмаган салоҳият  мавжуд.  “ШҲТ – Афғонистон” бўйича мулоқот гуруҳи  ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш ва иқтисодиётини тиклаш масалаларини биринчи ўринга қўяди, деб айтишга тўлиқ асос бор.

– Сизнингча, ШҲТ ушбу мураккаб халқаро вазиятда бугунги чақириқларга қанчалик тайёр?

– Ҳеч бир мамлакат якка ўзи хавфсизлик ва барқарор иқтисодий  ривожланишнинг таҳдид ва чақириқларига қарши тура олмайди. Ташкилотнинг ўзи ҳам замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, ўзининг кўп қиррали фаолиятини такомиллаштириши керак. Шу боис, ҳозирги таҳдидларга жавоб бериш ташкилотга аъзо барча  мамлакатларнинг  биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.

Буларнинг барчаси ташкилот давлатлари раҳбарлари Кенгашининг ортиб бораётган роли ва масъулиятини белгилайди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг берган маълумотларига кўра, Кенгаш ишида ШҲТга аъзо барча давлатлар раҳбарлари иштирок этишини тасдиқлашган. Шунингдек, ШҲТ ҳузуридаги  кузатувчи давлатлар – Беларусь, Эрон ва Мўғулустон раҳбаларининг, меҳмонлар мақомида Туркия ва Туркманистон Президентларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, саммит ишида БМТ, Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия, ЮНЕСКО, МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича йиғилиш, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси каби халқаро ва минтақавий  ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашади. Бу бўлажак саммит кўлами ва Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро форум мезбони  сифатидаги нуфузидан далолат беради.

Умид қиламанки, уч минг йилликдан ортиқ тарихга эга қадим Самарқанд заминида бўлиб ўтадиган саммит ШҲТ мақсад ва вазифаларини амалга оширишида муносиб ҳисса қўшибгина қолмай, замонавий халқаро муносабатлар ва жаҳон иқтисодиёти тарихида муҳим давр бўлади.

 ЎзА сиёсий шарҳловчиси 

Аброр ҒУЛОМОВ суҳбатлашди.