Бу ҳақда бугун ўтказилган ҳокимлик соатида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маълум қилди. Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидланган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ташкилотларнинг маъмурий (ёрдамчи) биноларига кичик қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш режа-тақсимоти ишлаб чиқилди.
Тақсимотга кўра, биринчи навбатда вилоятдаги корхона, ташкилотларнинг маъмурий ва ёрдамчи биноларига 600 та кичик қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади. Бу станцияларнинг 360 таси қуёш панеллари бўлса, 240 таси қуёш сув иситиш қурилмаларидир.
– Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чораларини кўришга барча раҳбарлар масъул, – деди Э.Турдимов. – Шунинг учун масъуллар электр ва иссиқлик энергияси харажатларини камида 25 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиши лозим.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА