Самарқанд вилоят ҳокимлигида Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини самарали ташкил этиш масаласи мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди.
Қарорга мувофиқ вилоятда драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун манзилли дастур тасдиқланган ва ҳар бир туман, шаҳар ўзининг ихтисослашуви ва қиёсий афзалликлари асосида ривожлантирилади, намунавий ва услубий ҳудудга айланади.
– Қарор билан вилоятимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришни зарур ва барқарор инфратузилма билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 5,2 триллион сўм маблағ йўналтирилади, – деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов. – Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2026-2028 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 1,9 триллион сўм, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари учун назарда тутилган 1,8 триллион сўмга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 250 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари, вилоят маҳаллий бюджетига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги миллий валютада фоизсиз кредит маблағлари берилади. Бу вилоятимиз учун жуда катта молиявий ресурс ва ундан самарали фойдаланишимиз лозим.
Маблағлар ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, маҳаллалар, қишлоқ жойлари, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишга сарфланади. Жумладан, М–37 “Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши” автомобиль йўлининг 11–207 километр қисми, А–378 “Самарқанд – Ғузор” автомобиль йўлининг 0–85 километр қисми, D-065 (4Р 46) “Самарқанд шаҳар – Жума шаҳри – Каттақўрғон шаҳри” автомобиль йўлининг 0–65 километр қисми, Ургут тумани марказини бошқа ҳудудлар билан боғловчи “Тойлоқ-Ургут” (12 км), “Булунғур-Ургут” (20 км), “Самарқанд–Айний” (10 км), тумандан ўтувчи М–39 “Тошкент–Термиз” автомобил йўли (19 км), “Ургут–Ғўс–Авазмерган” (10 км) йўли реконструкция қилинади. 14 туман ва шаҳарда 1 та подстанция таъмирланади, 70 та трансформатор пункти ўрнатилади, 137 километр электр тармоқлари янгиланади. 348 та ижтимоий соҳа муассасасини “яшил” тамойиллар асосида модернизация қилиб, 1036 та гелиоколлектор ўрнатиш ҳамда энергия истеъмоли юқори бўлган 3 мингта хонадоннинг энергия самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
2026 йил 1 июлдан бошлаб Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари тўлиқ туман (шаҳар) сув корхоналари ихтиёрига ўтказилади. Бунда ушбу солиқ тушумларидан тушадиган маблағ вилоятдаги ариқ ва каналларни бетонлаштиришга сарфланади. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида талабгорларга пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун белгиланган тартибда ҳар бир гектарига 12 миллион сўм субсидия берилади.
Туман ва шаҳарлар марказларидаги 150 маҳаллани боғловчи гавжум кўчалар, соҳил ва йўл бўйида савдо, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, туристик салоҳият юқори бўлган 19 маҳаллада меҳмон уйлари, туризмга хизмат кўрсатувчи объектлар ташкил этилади. Чегара ва олис ҳудудлардаги 8 маҳаллада қишлоқ хўжалиги ва кичик ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Халқаро (транзит) автомобиль йўллари бўйларидаги 168 маҳаллада – “servis point” ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилади. Умуман, қарор асосида вилоятдаги 1063 маҳалладан 808 таси ўз салоҳиятига қараб ихтисослаштирилади.
Йиғилишда йирик инвестисия ва туризм лойиҳалари, жумладан, Самарқанд туманида экспорт агросаноат зонасини, “Ургут” эркин савдо зонасини яратиш, Ургут ва Нуробод туманларида туризм кластерларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ушбу лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш янги иш ўринларини яратиш, хорижий сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказиш ва минтақада барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш имконини бериши таъкидланди.
Муҳокама якунида барча кўрсатмалар Ijro.gov.uz платформасига киритилгани қайд этилиб, вилоят ҳокими ўринбосарлари, бошқармалар ва ташкилотлар раҳбарларига белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ойлик ҳисобот бериб бориш эслатилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири