Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда маданий меросни сақлашга қаратилган халқаро конференция ўтказилмоқда
16:42 / 2025-05-21

Шу кунларда Самарқанд шаҳрида “Артефактларни бошқариш – маҳаллий техник таълим дастури” доирасида “Бошланғич консервация ва топилмаларни назорат қилиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Мазкур йиғин Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд археология институти ҳамда Жанубий Кореянинг Маданий мерос агентлиги ўртасида 2022–2026-йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилояти ҳудудларининг маданий мероси ва туризм ресурслари салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.

Конференциянинг асосий мақсади — юртимиз ҳудудида аниқланган археологик топилмаларни илмий асосда дастлабки консервациядан ўтказиш, уларни сақлаш ва назорат қилиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда халқаро тажриба алмашувини таъминлашдан иборат.

Тадбирда ўлкамизнинг қатор илмий ва маданий муассасаларидан жумладан, Темурийлар тарихи давлат музейи, Хоразм Маъмун академияси, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Шаҳрисабз давлат музей-қўриқхонаси, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда бошқа ташкилотлардан етакчи мутахассислар иштирок этмоқда.

Анжуман доирасида хорижий экспертлар иштирокида назарий маърузалар, амалий семинар-тренинглар, лаборатория машғулотлари ва артефактларни сақлаш бўйича илғор методикалар намойиши ташкил этилган. 

Иштирокчилар археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни маданий туризм инфратузилмасига интеграция қилиш имкониятларини муҳокама қилмоқдалар.

Қайд этиш керак, мазкур халқаро ташаббус мамлакатимизда маданий мерос объектларини сақлаш, уларни ўрганиш ва жаҳон илмий ҳамжамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилмоқда.

ЎзА